30/Ноябрь/2022 Иқтисодиёт
ТОШКЕНТ, 30 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев раҳбарлигида хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, йирик ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш чора-тадбирлари, шунингдек, 2023 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, йиғилишда вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари иштирок этди.
Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишларнинг бориши юзасидан масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди. Мамлакатимиз тармоқлари ва ҳудудлари кесимида халқаро молия институтлари иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, йирик ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш масалалари танқидий кўриб чиқилди. Лойиҳа ва дастурларни сифатли, ўз вақтида амалга ошириш мақсадида лойиҳа ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш юзасидан тезкор чора-тадбирлар кўриш бўйича кўрсатмалар берилди.
Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари раҳбарлари халқаро молия институтлари ва хорижий давлат молия ташкилотлари иштирокидаги инвестиция лойиҳалари доирасида молиявий ресурсларни ўз вақтида, тўлиқ жалб этиш ва ўзлаштириш, шунингдек, объектларни вақтида ишга тушириш бўйича шахсан жавобгар эканлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунлари бўйича муҳокама қилинган масалалар ва белгиланган вазифалар доирасида масъул раҳбарларга қўшимча топшириқлар берилди.