01/Декабрь/2022 Инвестициялар
ТОШКЕНТ, 1 декабрь. /«Дунё» АА/. Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида хитойлик инвесторлар ташкил қилган «Xinyuan Building Materials Company» МЧЖ томонидан автоклавланган газбетондан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) маълумотига кўра, лойиҳа доирасида 2 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Корхонада 50 та янги иш ўрни яратилди. Заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати йилига 450 минг м3 газ блоклари бўлиб, ишга туширилган биринчи йилдан бошлаб 500 минг долларлик маҳсулотларни экспортга етказиб бериш имконияти мавжуд.