28/Сентябрь/2021 Мустақилликка 30 йил
ИСТАМБУЛ, 28 сентябрь. /«Дунё» АА/. Туркияда амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан мамлакатимизнинг Истамбул шаҳридаги Бош консулхонасида ташкил этилган байрам тадбирида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ушбу тантанали маросимда, шунингдек, Туркиянинг расмий, эксперт-таҳлил, ишбилармон, жамоатчилик доиралари, диаспора ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.
Абдулазиз Комилов мамлакатимизда мустақил ривожланиш йилларида турли соҳаларда қўлга киритилган муваффақиятлар, жумладан, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, мамлакатимизнинг бутун жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлган тарихий ва замонавий тараққиёти ҳақида тўхталди.
Тадбирда доктор Кайхан Алтинташ, «Gul production» компанияси раҳбари Муаттар Эрген, ўзбек диаспораси фаоли Чокай Кочарга «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони, «Туркистонликлар» маданий ва ижтимоий кўмак жамияти раҳбари Акбар Яссага «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони тантанали равишда топширилди. Бундан ташқари бир гуруҳ юртдошларимиз ва диаспора ташкилотининг фаоллари Бош консулхонанинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
-Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан менга кўрсатилган бундай катта эътибор учун миннатдорлик билдираман, - деди ўзбек диаспораси фаоли Чокай Кочар. - Ушбу мукофот менинг ҳаётимдаги унутилмас воқеалардан бири бўлиб қолади. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга янада кўпроқ ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан.
Тадбирда мамлакатимиз жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайловига кўрилаётган тайёргарлик ишлари, Туркияда яшаётган юртдошларимизнинг сайловда иштирокини таъминлаш мақсадида ташкил этилаётган сайлов участкалари, шу жумладан, муддатдан олдин овоз бериш нуқталари ҳақидаги сўзлаб берилди. Ўзбекистон фуқаролари ушбу сиёсий тадбирда фаол қатнашишга чақирилди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросимнинг бадиий қисмида Истамбул шаҳридаги диаспора вакилларидан иборат санъат гуруҳлари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.