27/Март/2023 Ўзбекистон дунё нигоҳида
ТЕЛЬ-АВИВ, 27 март. /«Дунё» АА/. Исроилнинг етакчи онлайн нашрларидан бири - «MIGnews»да Ўзбекистон делегацияси аъзоси Саида Мирзиёеванинг БМТнинг Сув масалалари бўйича конференциясидаги нутқига бағишлаган мақола эълон қилинди, деб хабар бюермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мақолада қайд этилганидек, 22-24 март кунлари Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Сув масалалари бўйича тарихий конференцияси чоғида Ўзбекистон Aral Culture Summit - Орол маданият саммити номли янги лойиҳасининг тақдимотини ўтказди.
«Орол маданияти саммити доирасида ёш авлодни минтақадаги вазиятни яхшилашга ҳисса қўшадиган кўникмаларни шакллантиришга ундайдиган таълим ва алмашинув дастурлари, стипендиялар ва стажировкалар ташкил этилади,- дейилади мақолада. - Шунингдек, саммит доирасида биодизайн ферма-лабораторияси ташкил этилади. Лойиҳа доирасида минтақани сув билан таъминлаш, янги экин турларини яратиш, шунингдек, ҳудудда шўрланишни камайтириш бўйича турли технологиялар ўрганилади ва ишлаб чиқилади».
Нашрда таъкидланганидек, саммит ижодкорларни маҳаллий фермерлар билан бирлаштириб, янги ўсимликлар етиштириш учун биодизайн соҳасида барқарор алоқаларни ўрнатиши ва шу орқали келгуси 10 йилга мўлжалланган стратегик режани ишлаб чиқиши маълум қилинди. Бу маҳаллий ҳамжамиятда улкан ўзгаришлар учун замин яратади.