30/Январь/2023 Долзарб
МАДРИД, 30 январь. /“Дунё” АА/. Испания академик ҳамжамияти вакиллари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи якунлари юзасидан “Дунё” ААга ўз фикр-мулоҳазаларини тақдим этди.
Алехандро Пастрана, «GEDEPSA» промоутерлик-консалтинг компанияси бош директори:
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи ўзбек дипломатиясининг Марказий Осиё йўналишидаги муваффақиятини акс эттирмоқда.
Ўзбекистон раҳбари сўнгги беш йил давомида минтақада яхши қўшничилик, ўзаро ҳамкорликнинг бошқа муҳим масалаларини ҳал этиш учун амалий жиҳатдан зарур пойдевор яратди.
Қардош давлат раҳбарлари ўртасида муҳокама қилинган масалалар кўлами ўзаро муносабатларнинг стратегик моҳиятини тасдиқлайди.
Икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда стратегик ҳамкорликнинг янги прагматик йўналиши белгилангани кўзга ташланмоқда. Кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларация, шунингдек, кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга қаратилган салмоқли ҳужжатлар тўпламининг қабул қилиниши янада жиддий ва кўп мақсадли шерикликдан далолат беради.
Қўшни давлатлар раҳбарлари Марказий Осиёда сув-энергетика ресурсларидан комплекс ва оқилона фойдаланишга содиқ эканликларини яна бир бор тасдиқлаганини инобатга олиб, ўзаро электр энергиясини етказиб бериш ва гидроэнергетика соҳасида ҳамкорлик янада ривож топишини алоҳида таъкидламоқчиман.
Хосе Вентура Баллестер, Стратегик ва халқаро тадқиқотлар фонди Халқаро ҳамкорлик департаменти директори:
– Ташриф якунлари икки халқ ўртасидаги кўп асрлардан бери мустаҳкамланиб келаётган қардошлик ришталарини намойиш этмоқда.
Ўзбекистон савдо-иқтисодий жиҳатдан минтақада етакчи ўринни эгалламоқда. Шу боис қўшни давлатлар у билан барча соҳаларда фаол ҳамкорликка интилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида изчил ўзгаришлар рўй берди. Мамлакат раҳбарияти давлатни янада барқарор ривожлантиришнинг қатор янги тамойилларини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, хорижий давлатлар, айниқса, қўшни давлатлар билан шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш, республиканинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш йўлидан борди.
Ўзбекистон раҳбари Марказий Осиё минтақасида ташқи сиёсатнинг бир неча парадигмаларини изчил илгари сураётгани эътирофга лойиқ. Бу, биринчидан, минтақа мамлакатлари ўртасида яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, иккинчидан, очиқ мулоқот асосида мавжуд долзарб масалаларни амалий ҳал этиш, учинчидан, савдо-иқтисодий ва сиёсий алоқаларни янада ривожлантиришдан иборатдир.