Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбМаданиятСайёҳликМедиаЯна рукнлар

14/Август/2020   Маданият

Ислом цивилизацияси маркази Италия ойналари ва биллур буюмлари билан безатилади


РИМ, 14 август. /«Дунё» АА/. Ислом цивилизацияси – бу ислом динини қабул қилган халқларнинг моддий ва маънавий маданиятида, инсоният жамиятининг ривожланишида эришилган ютуқлар мажмуасидир.

Ўзбекистон ва Марказий Осиё халқларининг буюк аждодлари бетакрор асарлари ва ютуқлари билан ислом фалсафаси, маданияти, илми ва таълимининг шаклланиши ҳамда ривожланишида, мусулмон цивилизацияси асосларини яратишда бебаҳо ҳисса қўшган. 

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда мамлакатимиз ва мусулмон дунёси учун катта маданий ва маърифий аҳамиятга эга Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) қурилиши бошлаб юборилган.

Ушбу марказ ўзбек халқининг буюк илмий ва маданий меросини ўрганиш билан бир қаторда, уни келажак авлодлар учун асраб-авайлайди, муаммоли асримизда энг муҳим вазифа бўлган исломнинг асл тинчликни севувчи, инсонпарвар, ижодий моҳиятини тарғиб қилади.  

Ислом цивилизацияси маркази тузилмасига музей ва кўргазма заллари, кутубхона ва архив, компьютер ва ахборот технологиялари хоналари, қўлёзмалар, хаттотлик бўлимлари, исломий меросни сақлаш, тадқиқотлар ҳамда ишланмалар, халқаро ҳамкорлик, чет тилларни ўрганиш бўлими, қўлёзмаларни тиклаш лабораторияси киради.

Марказ қадимий қўлёзмалар, литографик китоблар, тарихий ҳужжатлар, Ўзбекистонда ва чет элларда сақланадиган дин ҳамда таълимга оид нашрлар, шунингдек, 100 мингдан зиёд китоб ва қўлёзмани жамлаган кутубхонага эга бўлади.

Марказни яратиш жараёнида илғор халқаро тажрибадан фойдаланиш муҳимлигини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг Римдаги элчихонаси ушбу соҳага кенг билим, амалий тажриба ва техник имкониятларга эга етакчи Италия компанияларини лойиҳада иштирок этишга жалб қилиш бўйича иш олиб борди.

Хусусан, Италия ва Европанинг “iDogi” (Венеция шиша ва биллурларидан йирик маҳсулотларни ишлаб чиқариш), "Margraf" (табиий мармар ишлаб чиқариш ва ўрнатиш), "Lasvit" (шиша ва ёритиш буюмлари), “GTArchitects” (архитектура ва интерьер дизайни) ва “Novello Giardini” (ландшафт дизайни) каби компаниялари билан ҳамкорликда иш олиб борилади. Улар вакиллари бир неча бор Ўзбекистонга ташриф буюрган ва дунёда ўхшаши йўқ ИЦМ комплексини яратишга қаратилган эксклюзив таклифларни тақдим этишган. 

Карантин чекловларини инобатга олган ҳолда ва ушбу лойиҳа бўйича мулоқотни давом эттириш учун мамлакатимизнинг Римдаги дипломатик ваколатхонаси Италиянинг “iDogi” компанияси билан Ўзбекистон қурилиш вазирлиги, Тошкент шаҳар маъмурияти, ИЦМ дирекцияси ва "Trest 12" қурилиш компанияси раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида видеоконференция ўтказди.

Конференция давомида “iDogi” бош директори Доменико Каминити ва махсус лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича менежер Сильвия Форментин компаниянинг тақдимотини, компаниянинг ИЦМ бўйича таклифларини тақдим этдилар.

“IDogi” 1968 йилда Венеция (Италия) шаҳрида ташкил этилган. У бадиий қандиллар, фавворалар, балустрадлар, қўлда ишланган Мурано (Венеция) ойнасидан стол ва стуллар, шунингдек, қадимий анъаналарга мувофиқ, биллур ишлаб чиқаради.

 Суюқ ойнага солинган ва ярим қимматбаҳо тошлар билан қопланган олтин баргли маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ноёб усулларидан фойдаланади. Компания АҚШ, Буюк Британия, Кувайт, БАА, Қатар, Саудия Арабистони ва Россияни ўз ичига олган дунёдаги кўплаб таниқли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

 "iDogi" асл Усмон Қуръонини, шунингдек, марказий заллардаги авизоларни жойлаштириш учун ИЦМ да биллур павильон яратишни таклиф қилмоқда. Павильон ва авизалар эксклюзив дизайни бўйича худди шу услубда биллурдан, шарқона нақшли Венеция ойнасидан, малахит ва лапис лазули билан безатилади.

 “iDogi” раҳбари Д.Каминити 2019 йил октябрь ойида Ўзбекистонда бўлган. Унинг сўзларига кўра, Венеция ва Ўзбекистон узоқ тарихий алоқаларга эга. Каминити таъкидлаганидек, XIII асрда таниқли венециялик савдогар ва сайёҳ Марко Поло ўзининг “Дунёнинг ранг-баранглиги тўғрисида” номли китобида ўзбек шаҳарлари ва одамлари ҳақидаги таассуротларини баён этган.

 Марко Поло ва бошқа венециялик савдогарлар юклари Буюк ипак йўли бўйлаб ташилган.

“Биз ўзбек халқининг маданий меросига катта ҳурмат билан қараймиз. Бу бизни улуғвор тарихий лойиҳада иштирок этишга руҳлантирди”, деди Д.Каминити.

Ўз навбатида, ИЦМ дирекцияси вакиллари "iDogi" дизайнерлари ва меъморларида катта таассурот қолдирган марказ тузилиши ва фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил тақдимот қилди.

Конференцияда иштирок этган Халқаро алоқаларни ривожлантириш институти илмий маслаҳатчиси, академик Турсунали Қўзиев шундай деди: “Ўзбекистон ислом дини дунёсида шон-шараф келтирган кўплаб олимлар ва диншунослар ватани ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш миллий ғоясини асосли равишда илгари сурди. Марказ ўзининг улуғворлиги, гўзаллиги ва мазмуни билан ўзбек халқи ва бутун ислом оламининг фахрига айланади. Шуниси ишонарлики, Италиянинг етакчи компаниялари кўп асрлик маданий анъаналарни сақлаб қолиш ва уларни замонавий технологиялар билан уйғунлаштиришда етакчи бўлган лойиҳада иштирок этишга зўр қизиқиш билдирмоқда”.

Онлайн учрашув иштирокчилари Тошкентда барпо этилаётган ИЦМ учун “iDogi” маҳсулотларининг бадиий услуби, ранглари ва параметрларини биргаликда кўриб чиқиш ва келишиш учун маълумот, материаллар алмашишни келишиб олди.

Карантин чекловлари юмшатилганидан сўнг мамлакатимизга Италия компанияси вакилларининг ташрифлари ташкил қилинади.

Мавзуга оид

Мадридда буюк мутафаккир ва аллома Муҳам...

Испания пойтахти Мадрид шаҳридаги Комплутенсе университети ҳудудида ўзбек халқининг буюк а...

Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Сп...

Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Пак Бён Сокнинг кеча Тошкент шаҳридаги Корея...

Виктория ва Альберт музейи И.Савицкий но...

Буюк Британия билан маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш доирасида Ўзбекистон элчих...

Сўнгги янгиликлар