12/Май/2022 Таълим
ЖАКАРТА, 12 май. /«Дунё» АА/. Индонезиянинг Сингапербангса Караванг (Universitas Singaperbangsa Karawang) университети ўзбекистонлик талабалар учун махсус таълим грантлари ажратишни режалаштираётир, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон элчихонасидан олинган маълумотларга кўра, университетнинг халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Фардиах О Лубис билан бўлиб ўтган учрашув натижасида бу борадаги келишувга эришилди. Таъкидланишича, 9 нафар ўзбекистонлик талабага бакалавриат таълими йўналишлари учун жой ажратилади (9 факультетнинг ҳар бирига 1 нафардан талаба).
1982 йилда ташкил этилган Сингапербангса Караванг университети давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади. Унинг таркибидаги ҳуқуқ, бизнес ва иқтисодиёт, педагогика ва таълим, қишлоқ хўжалиги, Ислом тадқиқотлари, муҳандислик, компьютер технологиялари, сиёсий фанлар ва фармацевтика сингари 9 факультет мавжуд.
Тақдим этилаётган грант ҳар бир талабанинг 4 йиллик ўқиши (сентябрь ойидан бошлаб 8 семестр) учун мўлжалланган бўлиб, маблағлар халқаро авиаташувлар, ўқиш, виза олиш ва тиббий суғурта учун йўналтирилади. Бундан ташқари, ётоқхонага жойлаштириш учун ойига 2,5 миллион Индонезия рупияси (қарийиб 180 АҚШ доллар) ва 1,5 миллион Индонезия рупияси (қарийиб 110 доллар) миқдорида стипендия тўланади.
Индонезия томони қўйидаги йўналишларга грант ажратишни режалаштирмоқда:
1. Ҳуқуқшунослик факультети – ҳуқуқшунослик.
2. Иқтисодиёт факультети – бухгалтерия ҳисоби.
3. Педагогика ва таълим факультети – инглиз тили.
4. Қишлоқ хўжалиги факультети – агротехнология ва агробизнес.
5. Исломшунослик факультети – Ислом таълими.
6. Муҳандислик факультети – электротехника муҳандислиги.
7. Компьютер технологиялари факультети – Информатика.
8.Сиёсатшунослик факультети - журналистика ва коммуникациялар.
9. Тиббиёт факультети – диеталогия.
Ўқишга қабул учун талаб этиладиган ҳужжатлар:
1. Охирги 5 семестр (мактаб, лицей ва коллеж битирувчилари) учун академик кўрсаткичларни баҳолаш.
2. Сертификат ёки диплом.
3. Тавсия хати (аризачининг таълим муассасасидан).
4. Тиббий маълумотнома.
5. Мотивация хати (Motivation letter).
6. Аризачининг кафолат хати (ўқишдан бошқа мақсадларни кўзламаслик ҳақида).
7. IELTS сертификати 5 б.
8. Паспорт нусхаси.
9. 3х4-расм (2 та).
Барча ҳужжатлар инглиз тилига таржима қилинган ва нотариал тасдиқланган бўлиши шарт.
Ҳужжатларни тақдим этиш муддатлари:
1. Барча ҳужжатларни тақдим этишнинг охирги муддати - 17 июнь.
2. Комиссиянинг дастлабки қарори 22 июнь.
3. Онлайн интервью – 26-27 июнь.
4. Натижаларни эълон қилиш – 1 июль.
5. Виза олиш – июль.
6. Индонезиянинг Каравангга бориш муддати – август.
7. Ўқиш бошланиш муддати – сентябрь.