Uz / Ўз Ru En

Toshkent

05/Май/2021   9 май - Хотира ва қадрлаш куни

Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган каттақўрғонлик юртдошимизнинг ҳоки Санкт-Петербургдан Ўзбекистонга олиб келинди


САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 30 аперль. /«Дунё» АА/. Иккинчи жаҳон уруши фронтларида ҳалок бўлган Самарқанд вилояти Каттакўрғон туманилик Бобораҳим Абдуллаевнинг ҳоки ва шахсий буюмлари қариндошларига топширилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ҳар бир халқнинг миллий-маънавий қадриятлари бўлади. Бугунги ёруғ кунларга етиб келишимизга ҳаётини тиккан, Иккинчи жаҳон уруши фронтларида мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатган ватандошларимиз хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ўзбек халқига хос эзгу амаллардан  биридир.

Оқар сувдек шиддат билан ўтиб бораётган йиллар бизни Иккинчи жаҳон урушидан узоқлаштирмоқда. Янги авлодлар ўсиб, улғаймоқда. Лекин урушнинг сўз билан ифодалаб бўлмайдиган жароҳатлари ҳамон халқимиз қалбида яшамоқда.

76 йил бир инсон умри билан тенг. Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидан урушга отланган Бобораҳим Абдуллаевнинг яқинлари мана етмиш олти йилдирки у ҳақдаги даракдан умидвор. Бобораҳим Абдуллаев жангга кетиб, уйга қайтмаган. Ота-онаси собиқ аскарни қайтишига умид қила-қила, бу дунёни тарк этган. Яқинлари акасининг ҳоки қўйилган жойни билишдан ҳалигача умидини узмаган.

Бугун Б.Абдуллаев яқинларининг кемтик қалбларига оз бўлсада ёруғлик ато этмоқда, десак хато бўлмайди. Мамлакатимизнинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонасидан хабар беришларича, Иккинчи жаҳон урушида Ленинград шаҳри ҳимояси вақтида ҳалок бўлган аскарлар шахсига аниқлаштириш жараёнида Бобораҳим Абдуллаевнинг ҳам ҳоки ва шахсий буюмлари топилган.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистондан Иккинчи жаҳон урушига отланган икки миллионга яқин юртдошларимиздан қарийб саккиз юз мингги оиласи бағрига қайтмади.  Қанчадан-қанча ўзбек оналари фарзанди ҳалок бўлганига ишонмай, умрининг охиригача жигарбандининг йўлини пойлади.

Албатта, бу ҳақда  гапириш осон эмас. Салкам бир миллионга яқин ўзбекистонликнинг умрига зомин бўлган урушни келтириб чиқарган оқибатларни таҳлил қилиш, уруш фронтларидан қайтмаган юртдошларимиз ҳақидаги маълумотларни аниқлаштириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга ошириляпти. Турли ташкилотлар, кўнгиллилар томонидан изланиш ва ўрганишлар олиб борилмоқда, номаълум аскарлар шахсига аниқлик киритилмоқда. Ушбу хайрли ишлар жараёнида урушда ҳалок бўлган ўзбек аскарлари ҳоки қўйилган жойлар ҳақида ҳам хабарлар келмоқда.   

Жумладан, Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси ушбу йўналишда Россиядаги тегишли архивлар ҳамда номаълум аскарлар номини абадийлаштириш билан шуғулланадиган отрядлар билан ҳамкорлик қилмоқда. 

Яқинда Санкт-Петербургдаги «Пулковец» ёшлар уйи Бош консулхонага «Линия фронта» қидирув отряди томонидан Иккинчи жаҳон уруши жангларида ҳалок бўлган Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида туғилган юртдошимиз Бобораҳим Абдуллаевнинг ҳоки ва шахсий буюмлари топилганини маълум қилди.

Россия вакиллари юртдошимизнинг қариндошларини топишда кўмак сўради. Олиб борилган ишлар натижасида марҳум аскарнинг яқин қариндошлари аниқланди. 

Ўзбек аскари жасоратига ҳурмат белгиси ва қариндошларининг Б.Абдуллаевни Ватанда дафн этиш истагидан келиб чиқиб, Санкт-Петербургдаги «Пулковец» ёшлар уйида аскарнинг қолдиқлари ва шахсий буюмларини мамлакатимиз Бош консулхонаси вакилларига тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Санкт-Петербург шаҳар ҳокимлиги вакиллари, ҳарбийлар, «Линия фронта» қидирув отряди фаоллари ҳамда ушбу шаҳарда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирок этди.

«Линия фронта» қидирув отряди командири А.Куликовскийнинг сўзларига кўра, Б.Абдуллаев ҳоки ва шахсий буюмлари 2020 йил октябрь ойида отряд томонидан Ленинград вилояти Кировск тумани Молодцово қишлоғи яқинида олиб борилган қидирув ишлари пайтида топилган.

Санкт-Петербург шаҳар Ташқи алоқалар қўмитаси бошқарма бошлиғи Е.Кассюра шаҳардаги Пскаревский қабристонида 7 минг ўзбекистонлик аскар дафн этилгани, ўзбек ўғлонлари шарифига бу ерда ёдгорлик лавҳаси ўрнатилганини таъкидлади. Бобораҳим Абдуллаев руҳи она Ватанда ҳаловат топиши, унинг оила аъзолари учун эса Иккинчи жаҳон уруши эндигина тугаганлигини қайд этди.

Ўз навбатида, Бош консулхона томонидан «Пулковец» ёшлар уйи, «Линия фронта» қидирув отряди ва Санкт-Петербург шаҳри вакилларига ўзбек аскарининг номини аниқлаш ва унинг ҳокини Ватанга қайтаришдаги кўмак учун миннатдорлик билдирилди.

Марҳам аскар Бобораҳим Абдуллаевнинг ҳоки ва шахсий буюмлари “Санкт-Петербург-Тошкент” авиарейси билан она заминга етказилди.

Мавзуга оид

Ўзбекистон элчиси Венани фашизмдан озод ...

Ўзбекистоннинг Венадаги элчихонаси вакиллари Шварценбергплац майдонидаги Австрияни фашизмд...

Хотира ва қадрлаш - тарих ва келажакни б...

9 май мамлакатимизда умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. ...

Ғалаба боғи ва Шон-шараф музейи – авлодл...

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Тошкентда ўтказилг...

Сўнгги янгиликлар