Uz / Ўз Ru En

Toshkent

22/Май/2021   Илм-фан

IAEA мутахассислари Ўзбекистонга келади


ВЕНА, 22 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси маълумотига кўра, 24 май - 3 июнь кунлари Тошкентда Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг (IAEA) ядро инфраструктурасини комплекс тарзда кўриб чиқиш бўйича эксперт миссияси (Integrated Nuclear Infrastructure Review - INIR) бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири .

Миссияда 12 нафар халқаро эксперт иштирок этади. Ўзбекистон томонидан тадбирда мамлакатда ядро энергияси дастурини яратиш билан шуғулланувчи вазирлик ва идоралардан мутахассислар жалб этилади.

INIR миссияси давомида IAEA мутахассислари Ўзбекистон томонидан ядро инфратузилмасининг барча соҳаларини ривожлантириш бўйича тайёрланган ҳисоботни кўриб чиқади, шунингдек, ҳар бир соҳада ўзбекистонлик мутахассислар билан интервью форматида учрашувлар ўтказилади. Мутахассислар ядро энергияси, авария бошқаруви, фавқулодда тайёргарлик ва жавоб бериш, жамоатчилик билан алоқалар, радиоактив чиқиндиларни бошқариш ва ядро ёқилғиси, радиация хавфсизлиги, қонунчилик асослари, ядровий энергия соҳасидаги давлат сиёсати ва бошқа масалаларни кўриб чиқади. Амалга оширилган ишлар натижалари асосида халқаро агентлик вакиллари тегишли ҳисобот тайёрлайди.

Ўзбекистондаги миссияга тайёргарлик кўришда  IAEAнинг асосий тавсияларини амалга ошириш, жумладан, ядро энергетикаси инфратузилмаси билан боғлиқ аниқ масалалар бўйича мамлакат ҳисоботини тайёрлаш юзасидан салмоқли ишлар амалга оширилди. Бундан ташқари, «Ўзатом» агентлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил ноябрь ойида видеоконференция форматида дастлабки INIR миссиясини ташкил этди. Тадбирда IAEA мутахассислари, шунингдек, Ўзбекистон вазирлик ва идораларининг 40 дан ортиқ мутахассиси қатнашди.

1 июнь куни IAEA бош директори муовини Михаил Чудаков миссияга қўшилади. У Ўзбекистон Фанлар Академияси ядро физикаси институтининг агентликнинг «Илмий-тадқиқот реакторларининг халқаро интернет лабораторияси» лойиҳасидаги иштироки ҳақида битим имзоланиши ҳамда Москва муҳандислик физика институтининг Тошкент филиали (ММФИ) талабалари билан учрашуви режалаштирилган.

Маълумки, IAEA INIR миссияси орқали мамлакатларга ўз миллий инфратузилмаси ҳолатини ҳар томонлама баҳолашда мустақил экспертизани тақдим этади. Экспертиза хавфсиз, ишончли ва барқарор ядровий қувват дастурини ишлаб чиқиш учун зарур бўлган кенг қамровли инфратузилмани қамраб олади. INIR миссияси аъзо давлатнинг мурожаатига биноан, мамлакат инфратузилмаси тайёрлигининг турли босқичлари учун амалга оширилади.

INIR миссияси Ўзбекистон учун ядро энергетикасини жорий этишга тайёргарлик кўришда муҳим қадамни белгилайди. Унинг ўтказилиши республиканинг ядро энергияси дастурининг ҳолати ҳақида жаҳон ҳамжамиятига кенг ва очиқ тарзда ахборот бериш истагини намойиш этади.

Мавзуга оид

«O‘zeltexsanoat» уюшмаси компьютер ишлаб...

«O‘zeltexsanoat» уюшмаси, Халқ таълими вазирлиги ва Хитой Халқ Республикасининг «Weidong C...

Ўзбекистон мактаблари АҚШ билан онлайн-т...

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги АҚШнинг «Oracle» компанияси билан ҳамкорлик...

ТАТУ ректори ва профессори Халқаро ахбор...

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ректори Тўлқин Т...

Сўнгги янгиликлар