Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбМаданиятСайёҳликМедиаЯна рукнлар

19/Октабрь/2021   Сайёҳлик

Хитойдан муносабат: Ўзбекистондан унутилмас хотиралар қолди


ПЕКИН, 19 октябрь. /«Дунё» АА/. «Beijing Lekexing International Travel Service, Lekehui (Tianjin) Trading Co., Ltd» компанияси бош директори Ху Цзюньцай «Дунё АА» учун Ўзбекистонга қилган сафари давомида олган таассуротларидан илҳомланиб «Ўзбекистондан унутилмас хотиралар қолди» номли мақоласини йўллади.

Қуйида ушбу мақола матни эътиборингизга тўлиқ ҳавола этилмоқда.

«Ўзбекистон Марказий Осиёда қуруқликда жойлашган ўлка. Ғарб ва шимолдан Қозоғистон, Шарқдан Қирғизистон ва Тожикистон, жанубдан эса Афғонистон ва Туркманистон билан чегарадош.

Ушбу сирли, гўзал ва эҳтиросли мамлакатда бўлиб, уни яқиндан билганим ва таниганимдан бахтиёрман. Мен 2019 йил ўз таътилимни Ўзбекистонда ўтказишга қарор қилдим. Ҳозир Ўзбекистон ҳақидаги ажойиб таасуротларимни бўлишмоқчиман.

Аввало, COVID-19 пандемиясига қадар икки мамлакат ўртасида авиақатновлар учун қулайликлар яратилган эди. Хитой пойтахти билан Ўзбекистон пойтахти ўртасида ҳафталик тўғридан-тўғри қатновлар йўлга қўйилган эди. Бундан ташқари, Урумчи, Чэнду ва Сиань шаҳарларидан ҳам тўғридан-тўғри авиа қатновлар мавжуд эди.

Мазкур авиарейсларнинг нархлари ҳам қиммат эмас. Бу эса хитойлик сайёҳлар ва ишбилармонларни Ўзбекистонга боришига сабаб бўладиган омиллардан биридир.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг хитойликлар учун виза сиёсати ҳам жуда катта қулайлик яратиб, 2021 йил 1 мартдан Хитой фуқаролари ушбу мамлакатда 10 кун визасиз бўлишига рухсат берилган. Бу Хитой сайёҳлари ва инвесторлари учун икки давлат ўртасидаги самарали ҳамкорликка хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон туризм ресурсларига жуда ҳам бой бўлиб, бизнинг биринчи бекатимиз пойтахт Тошкент бўлди. Мустақиллик майдони, Амир Темур хиёбони, Шаҳидлар хотираси майдонини зиёрат қилиб, сўнгра қадимий рўи замин сайқали - Самарқандга йўл одик.

Самарқанд Марказий Осиёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири сифатида эътироф этилади. Хитой ва Ўрта ер денгизини боғловчи Ипак йўли устида жойлашгани учун у бир пайтлар бутун минтақанинг савдо, маданий ва диний маркази бўлган.

Европадаги шаҳарлар каби ушбу шаҳарнинг ён-атрофини боғлар, гулзорлар безаб туради, кўчалари тоза, об-ҳавоси жуда ёқимли.

Самарқанддаги саёҳатимизни якунлаб, биз қадимий Бухоро шаҳрига йўл олдик. Бухорода 140 дан ортиқ тарихий бино мавжуд бўлиб, уни баъзи манбаларда «Осмон остидаги музейлар шаҳри» деб ҳам аташади.

Қадимий кентнинг марказий ҳудуди ЮНЕСКО томонидан Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Бу шаҳар, менимча, энг ўзбекона услубга мансуб.

Саёҳатчиларга транспорт воситаларидан тезюрар поездларни тавсия қиламан. Ўзбекистонда шаҳарларни бир-бири билан боғловчи жуда қулай бўлган тезюрар темир йўллари бор.

Ўзбек халқининг ўзига хослиги миллий таомлар ва ҳунармандчилик буюмларида ҳам яққол акс этган.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон халқи менга жуда ёқди. Улар меҳнатсевар, меҳрибон ва жуда чаққон экан. Ёшлар бир неча тилларда равон сўзлаша олади. Йўл-йўлакай маҳаллий одамлар биз билан суратга тушиб, миллий туризм ресурслари билан бизни таништиргани беҳад мамнун этди.  

Ўзбекистоннинг барча шаҳарлари менда унутилмас хотиралар қолдирди. Миллий таомлари кўпинча мол ва қўй гўштидан тайёрланади, дастурхонга нон тортилади.

Шунингдек, ушбу гўзал макон тўғрисида гап кетар экан, ошни эсламасдан иложингиз йуқ. Мен бунга яна қўшимча қилиб, мазкур заминда етиштириладиган меваларни тилга олган бўлардим. Ўзбек мевалари табиий қуёш нурида пишган ва жуда ширин. Энг ёдимда колгани - бу қовун. Бундай катта қовунларни биринчи марта Ўзбекистонда кўрганман. Татиб кўришимдан олдин унинг бунчалик ширин бўлиши хаёлимга ҳам келмаган эди. Агар яна Ўзбекистонга бориш имконим бўлиб қолса, яна биринчи бўлиб қовунни танлайман.

Ўзбекларнинг қўлда ишланган ҳунармандчилик маҳсулотлари ва халқ амалий санъати намуналари ҳам ўзининг бетакрорлиги билан дунёга машҳур. Кулолчилик, ёғочсозлик, шойи матолар ва гилам тўқиш ўзбек халқи ҳаётига қадимдан кириб келган.

Ўзбекистонлик ҳунармандлар қўл меҳнати орқали турли санъат асарларини яратаётганини томоша қилар эканман, санъатнинг ижтимоий ҳаёт билан узвий боғлиқ ҳолда ривожланганини чин дилдан ҳис қилдим.

Уйга қайтиш олдидан маҳаллий санъат асарларидан намуналар харид қилдим. Уларни уйимиз деворига илиб қўйганман. Ҳар гар уларга боққанимда қадимий, сирли ва мафтункор мамлакат ҳақида ҳаёлга чўмаман.

Ҳозир кунда  ўзбек тилини мукаммал ўрганишга киришдим. Ўзбек шеърияти мени ўзига ром этди. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг «Мен нечун севаман, Ўзбекистонни» шеърини ёд олдим. Кейинги сафар Ўзбекистонга саёҳат қилганимда маҳаллий аҳоли билан ўзбек тилида сўзлашиш ниятидаман.

Барчангизга  энг яхши тилакларимни билдириб қоламан. Ўзбекистонда кўришгунча”.

Мавзуга оид

Германиянинг паррандачилик бўйича тажриб...

Мамлакатимизда паррандачилик соҳасини ривожлантириш, унга етакчи хорижий давлатлар тажриба...

Агра шаҳрида ташкил этилган онлайн-форум...

Аграда Ҳиндистоннинг хорижий мамлакатлар билан тарихий-маданий алоқалари, уларнинг бугунги...

Деҳли – Лондон йўналишида автобусда ташк...

Ҳиндистоннинг «Adventures Overland» сайёҳлик агентлиги ўз мижозларига Деҳлидан Лондонгача ...

Сўнгги янгиликлар