Uz / Ўз Ru En

Toshkent

21/Июнь/2021   Долзарб

Германия Олий ўқув юртлари халқаро ҳамкорлик консорциуми билан ўзаро муносабатлар мустаҳкамланади


БЕРЛИН, 21 июнь. /“Дунё” АА/. Маълумки, юртимизда олий таълим соҳасида дунёнинг ривожланган мамлакатларида, жумладан Германияда фаолият кўрсатадиган олий таълим муассасалари билан икки томонлама муносабатлар кўламларини кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бунда турли йўналишлар бўйича, хусусан, муҳандислик соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида ўзаро ҳамкорликда қўшма таълим муассасалари ва дастурларини ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш,  талабалар алмашувини ташкил этиш алоҳида ўрин тутади.

Бу йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда республиканинг 63 та олий ўқув юртлари масъуллари билан Германия Олий ўқув юртлари халқаро ҳамкорлик консорциуми (DHIK) раҳбарияти иштирокида видеоконференцалоқа шаклидаги мулоқот уюштирилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Германия Олий ўқув юртлари халқаро ҳамкорлик консорциуми 34  олий ўқув юртлари уюшмаси ҳисобланади. Консорциум хорижий университетлар билан ўзаро алмашувлар ва қўш дипломли дастурлар бўйича ҳамкорлик олиб боради. Мазкур дастурлар немис олий ўқув юртлари модели ва ҳамкор университетлар таълим тизими билан боғлиқ ҳолда амалга оширилади.

Айни пайтда ушбу консорциум Хитой, Мексика ва Ҳиндистон университетлари билан амалий муҳандислик соҳасида ҳамкорлик қилади. Ўзаро ҳамкорликдаги дастурларда назарий билимлар амалиёт билан узвий боғлиқ ҳолда олиб борилади. Шу билан бирга, унга аъзо олийгоҳлар профессорлари томонидан хорижий ҳамкор олий таълим муассасалари талабаларига маърузалар, семинар машғулотлари ташкил этилади.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи А.Худойқулов бугунги кунда республикада олий таълим тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, етакчи давлатлар таълим муассасалари билан ўзаро алоқаларни кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишлар, шунингдек, республикамизда фаолият кўрсатаётган чет эл университетларининг филиаллари, қўшма таълим дастурлари тўғрисидаги атрофлича маълумотни ўртоқлашди.

Тадбир доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва  республика олий ўқув юртлари билан икки томонлама ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантириш юзасидан Германия томонига қуйидаги таклифлар билдирилди:
- олий таълим соҳасида алоқаларнинг узоқ муддатли ва босқичма-босқич амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан Германия Олий ўқув юртлари халқаро ҳамкорлик консорциуми ўртасида ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш;
- Ўзбекистон ва Германия олий ўқув юртлари ҳамкорлигида республикада муҳандислик соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлайдиган қўшма таълим муассасаси ёки факультетини очиш имкониятини кўриб чиқиш;
- республика олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда муҳандислик, машинасозлик, энергетика, ахборот технологиялари каби устувор йўналишлар бўйича қўш диплом бериш ҳуқуқига эга бўлган қўшма бакалавратура ва магистратура дастурларини ташкил этиш;
- Консорциумга аъзо олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари иштирокида республика олий ўқув юртлари талабалари, профессор-ўқитувчилари учун онлайн-семинар ва маърузалар ташкил этиш;
- олий таълим тизими билан яқиндан танишиш ва ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама этиш мақсадида 2021 йилнинг иккинчи ярмида Консорциум делегациясининг Ўзбекистонга ва ўзбек томони делегациясининг Германияга сафарларини ташкил этиш.

Германия Олий ўқув юртлари халқаро ҳамкорлик конcорциуми президенти - Саарланд Технология ва иқтисодиёт олий ўқув юрти ректори профессор Д.Леонҳард республикамизда олий таълим тизимини ислоҳ этиш доирасида халқаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилаётган эътиборни юқори баҳолади. У 2013 йилда ташкил этилган консорциум фаолияти, унинг Хитой, Мексика ва Ҳиндистон университетлари билан мавжуд алоқалари тўғрисида тўхталар экан, халқаро ҳамкорлик жуғрофиясини кенгайтириш Консорциум фаолиятининг асосий мақсад ва вазифалари сирасига киришини қайд этди.

Профессор Д.Леонҳард ўзаро ҳамкорлик борасида юқорида баён этилган таклифларга ижобий муносабат билдирар экан, Ўзбекистон олий таълим тизими, шунингдек, вазирлик ҳамда олий ўқув юртлари вакиллари билан яқиндан танишиш ва бевосита мулоқот қилиш имконияти яратилгани, шунингдек, Ўзбекистон олий ўқув юртлари вакилларининг тадбирдаги фаол иштироки, қизғин баҳс-мунозараларидан ҳамда ўзаро ҳамкорлик борасида билдирган аниқ таклифларидан мамнуният изҳор этди.

- Биз билдирилган таклифларни Консорциумга аъзо олий таълим муассасаларининг раҳбарлари билан биргаликда кўриб чиқиб, уларни амалга ошириш учун барча имкониятларимиздан фойдаланамиз, деди у. -  Ўзбекистон ва унинг Буюк Ипак йўлида жойлашган тарихий шаҳарлари ҳақида кўп эшитганман, бугунги мулоқотдан сўнг ўзаро ҳамкорлигимиз доирасида гўзал диёрингизга сафар қилишни албатта режалаштирамиз.
Ўзаро ҳамкорликдаги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда Германия академик алмашувлар хизмати (ДААД), Германия таълим ва тадқиқотлар федерал вазирлиги, шунингдек, Европа Иттифоқи ва Германиянинг тегишли ташкилотлари ҳамда илмий жамғармалари кўмагини жалб этиш мумкин.

Ўз навбатида, профессор республика олий ўқув юртлари вакилларининг жорий йил октябрь ойида онлайн тарзида ўтказиладиган Консорциумнинг йиллик йиғилишида қатнашишга таклиф этди.

Тадбир якунлари бўйича барқарор ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида мунтазам ахборот алмашиш, билдирилган таклифларни амалга оширишнинг механизмини биргаликда ишлаб чиқиш, хусусан, қўшма таълим дастурларини очиш, талабалар алмашувларини ташкил этиш бўйича ўзаро яқин ҳамкорликда иш олиб бориш юзасидан келишувга эришилди.

Мавзуга оид

Японияда ўзбек тили байрами хурсандчилик...

21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Токио чет тиллар университети ўқит...

Урганчда Хоразм вилояти ёшлари вакиллари...

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзоқов 5 январь куни Урганч шаҳрида Хоразм...

Озарбайжон элчиси: Ўзбекистон ташаббусла...

Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Гусейн Гулиев «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ў...

Сўнгги янгиликлар