Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

17/Январь/2022   Долзарб

Франция тараққиёт агентлиги Ўзбекистонда чорвачилик соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳани молиялаштиради

ТОШКЕНТ, 17 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президенти «Франция тараққиёт агентлиги иштирокида «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.


Ҳужжатда, 2021 йил 28 июнь куни Ўзбекистон ва Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) ўртасида имзоланган битимга асосан «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳасини молиялаштириш учун 100 млн евро миқдорида қарз ажратиш назарда тутилган. Лойиҳа 2022-2026 йиллар давомида амалга оширилади ва унинг умумий қиймати 147,07 миллион еврога тенг бўлади.

 Ушбу маблағларнинг  100 милион евроси  Франция тараққиёт агентлигининг қарзи, 29,96 миллион евро лойиҳа иштирокчилари (бенефициарлар)нинг улуши, 17,1 миллион евро эса (шу жумладан, солиқ ва божхона тўловлари шаклида маблағлар) Ўзбекистон Республикасининг улуши ҳисобланади.

Қарорга кўра, Божхона кодексига асосан Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари томонидан берилган қарзлар (кредитлар) ҳисобидан юридик шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар божхона божидан озод қилинади..

 Белгиланишича, лойиҳани амалга ошириш доирасида Франция тараққиёт агентлиги қарзи ҳисобидан харид қилинадиган товарларни (иш, хизматларни) ва махсус транспорт воситаларини олиб киришда (сотиб олишда) ҚҚС товарларни (иш, хизматларни) олиб кирувчилар (импорт қилувчилар, хизматларни сотиб олувчилар) томонидан тўланади.

Ушбу божхона божи имтиёзлари натижасида бўшаган маблағлар ҳамда товарларни олиб келувчилар томонидан тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаси Ўзбекистон Республикасининг Лойиҳани амалга оширишдаги улуши деб ҳисобланади.

Лойиҳа дастлаб Қорақалпоғистонда, Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида амалга оширилади. Лойиҳа доирасида назарда тутилган чора-тадбирлар 50 фоиздан зиёд молиялаштирилгандан сўнг, республиканинг барча вилоятларида жорий этилади.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси лойиҳанинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши, унинг мувофиқлаштирилиши ва бошқарилиши, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш даврида мониторинг ва ҳисобот юритилиши учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади.

Кредит линиясини бошқариш, Франция тараққиёт агентлигининг қарзи ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек, сублойиҳаларни амалга ошириш бўйича мониторинг ва ҳисоботни юритиш функциялари лойиҳада иштирок этувчи тижорат банкларига юкланади.

Қарз битими доирасида юзага келган барча тўловлар лойиҳада иштирок этувчи банклар билан қайта кредитлаш битимлари имзолангунга қадар Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади ва қайта кредитлаш битимлари имзоланганидан сўнг лойиҳада иштирок этувчи тижорат банклари томонидан уларга ажратилган маблағлар миқдорига мутаносиб равишда Ўзбекистоннинг республика бюджетига қайтарилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган қарор билан «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари, лойиҳа доирасида Франция тараққиёт агентлигининг қарзини сўндириш, фоиз ва комиссия тўловларини амалга оширишнинг прогноз жадвали, «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ҳам тасдиқланди.

Мавзуга оид

Японияда юртимизда ипакчилик саноатини р...

Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасида “Фукусима-Ўзбекистон” маданий иқтисодий алоқалар жа...

БАА коронавирусга қарши курашиш учун Ўзб...

Бирлашган Араб Амирликлари Ўзбекистонга COVID-19 га қарши курашиш мақсадлари учун 7 тонна ...

Янги мавзега замонавий ширкат хизмат кўр...

Шавкат Мирзиёев куни пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани Авайхон маҳалласида бунёд этилаё...

Сўнгги янгиликлар