29/Январь/2023 Долзарб
БРЮССЕЛЬ, 28 январь. /“Дунё” АА/. «Diplomatic World» нашрининг (Бельгия) лойиҳалар бўйича менежери Альберто Туркстра Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи якунларини “Дунё” АА учун қуйидагича изоҳлади:
– Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи диққат марказида ўзаро кун тартибининг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, янги инфратузилма лойиҳалари бўйича ҳамкорлик қилиш ва бошқа долзарб масалалар турди.
Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома тузилгани Марказий Осиёда йирик дипломатик ютуқ бўлди, деб ҳисоблайман.
Кун тартибидаги яна бир муҳим масала – Ўзбекистон-Хитой-Қирғизистон темир йўли қурилиши истиқболлари бўлди. Узоқ вақт давом этган музокаралар ва тадқиқотлардан сўнг мазкур лойиҳа бўйича умумий қарорга келинди. Уч давлат раҳбарияти ушбу йирик лойиҳани амалга оширишда ўзларининг сиёсий иродасини намоён этмоқда. Темир йўл қурилиши Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг иқтисодий, савдо, логистика ва транспорт имкониятларини бир неча баробар ошириш имконини беради.
Яна бир эътиборга лойиқ жиҳат - Қамбарота ГЭС-1ни биргаликда барпо этиш масалалари атрофлича кўриб чиқилгани бўлди. Бу томонларнинг турли долзарб масалаларни ҳал қилишда конструктив ва прагматик ёндашувини намойиш этади.