30/Март/2023 Конституциявий ислоҳотлар
БРЮССЕЛЬ, 30 март. /«Дунё» АА/. Европа Осиё тадқиқотлари институти директори Аксела Готелс Ўзбекистонда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар юзасидан қуйидаги фикр-мулоҳазаларини “Дунё” ахборот агентлиги билан ўртоқлашди:
- Европа Осиё тадқиқотлари институти кўп йиллардан буён Марказий Осиё минтақасининг ривожланишини, жумладан, Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар жараёнларини кузатиб келмоқда.
Биз демократик ривожланишда тараққиётни, шунингдек, институционал ислоҳотлар ва демократик ёндошувлар самарадорлигини кўрмоқдамиз.
Ўзбекистонда Конституциявий ислоҳотлар доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш режалаштирилмоқда. Конституцияга киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар демократия йўлида ташланган кейинги қадамдир.
Бундай ислоҳотлар халқаро амалиёт учун одатий ҳолдир. Инсон ҳуқуқлари ва демократик конституциявий тузум ўртасидаги муносабатлар Конституция ёки конституциявий ислоҳотларни қабул қилишга олиб келадиган жараёндан бошланади. Бундай жараён, қоида бўйича, жамиятнинг барча тармоқлари вакилларининг кенг иштирокида амалга оширилса, муваффақиятли натижаларга элтади.
Шундай экан, Конституциявий ислоҳотлар давлатнинг самарали ишлаши учун зарурдир, чунки мамлакатнинг Асосий қонуни барқарорлаштирувчилик вазифаси ижросини таъминлайди ва асосан ҳуқуқий, сиёсий ва иқтисодий соҳаларда барқарорликни сақлашга, ижтимоий асослар ва энг муҳим миллий-маданий қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилган бўлади.