24/Ноябрь/2021 Илм-фан
ТОШКЕНТ, 24 ноябрь. /«Дунё» АА/. Эртага Минск шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар олимларининг III форуми ўз ишини бошлайди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Форум ишида Ўзбекистон Фанлар Академияси бош илмий-котиби Ғайрат Баҳодиров бошчилигидаги қатор олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот марказлари вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси иштирок этади.
МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, икки кунлик форум ялпи мажлис билан очилади ва унда МДҲ мамлакатлари делегациялари вакиллари сўзга чиқади. Анжуман доирасида учта давра суҳбати ўтказиш режалаштирилган. Уларда фундаментал фаннинг ривожланиш ҳолати ва истиқболлари, рақамли даврда илмий ҳамкорликни такомиллаштириш ҳамда инновацион илмий тадқиқотлар мавзулари муҳокама қилинади.
Шунингдек, Халқаро Фанлар академиялари уюшмаси илмий кенгаши конгресси ва МДҲга аъзо давлатларнинг Фундаментал илм-фан соҳасида ҳамкорлик кенгаши йиғилишлари кўзда тутилган. Форум сўнггида якуний декларация қабул қилинади.
Ташкилотчиларга кўра, илмий анжуманда МДҲнинг Фанлар академиялари ва йирик илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари, таниқли олимлар, жумладан, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон делегациялари вакилларидан иборат 150 киши иштирок этиши кутилмоқда.
Форумнинг асосий мақсади МДҲ давлатларининг илмий-техникавий ҳамкорлигини фаоллаштириш, янги қўшма тадқиқотларни рағбатлантириш, Ҳамдўстликда инновацион сиёсатни ишлаб чиқиш йўлларини таклиф этиш, МДҲ профессионал ҳамжамиятида олимлар ва ёш мутахассисларнинг халқаро мобиллиги тизимини шакллантиришдан иборатдир.
Ҳамдўстлик олимлари илм-фан истиқболларини батафсил таҳлил қилади ва рақамли даврда илмий ҳамкорликни янада яхшилаш йўлларини топиш бўйича фикр алмашади.