Uz / Ўз Ru En

Toshkent

05/Май/2021   Ватандошларимиз

Элчихона “Олтин дафтар”ига киритилган ватандошларнинг юртимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари кўриб чиқилди


СЕУЛ, 4 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасининг Сеулдаги элчихонасида “Олтин дафтар”га киритилган ватандошларимиз, хусусан, Жанубий Кореяда фаолият олиб бораётган тадбиркор юртдошларимизнинг мамлакатимизда амалга оширадиган инвестиция лойиҳалари ижросини жадаллаштириш ва қўллаб-қувватлаш чоралари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Элчихона томонидан видеоалоқа шаклида ташкил этилган мазкур мулоқотда Ташқи ишлар вазирлиги, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимликларининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бошқармалари мутахассислари иштирок этди. Ушбу тадбир Корея Республикасида меҳнат фаолияти ва тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган, шунингдек, таҳсил олаётган юртдошларимизнинг мамлакатимизда амалга оширмоқчи бўлган инвестиция лойиҳалари ижросини жадаллаштириш бўйича элчихона, вазирлик ва маҳаллий ҳокимиятлар ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.

Видеомулоқот аввалида Корея Республикасидаги ватандошларимиз билан ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадида элчихона томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида маълумот берилди. Жумладан, элчихона вакиллари кўплаб ватандошларимиз истиқомат қиладиган қатор шаҳарларда бўлиб, юртдошларимизнинг мамлакатимизда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга оид таклифларини ўрганиб чиқишгани қайд этилди.

Мулоқот давомида юртдошларимиз мамлакатимизнинг барча ҳудудларида саноат, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, хизмат кўрсатиш, савдо, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш бўйича ўз режалари билан ўртоқлашганлиги маълум қилинди.

Ҳозирги пайтда юқорида қайд этилган ўрганишлар натижасида Самарқанд вилоятида умумий сармоя қиймати 2,5 миллион доллардан зиёд бўлган 16 та, Сурхондарё вилоятида 1,7 миллион долларга тенг 11 та ва Тошкент вилоятида 3,4 миллион доллар миқдоридаги 15 та лойиҳа таклифлари шакллантирилгани ҳолда элчихонанинг “Олтин дафтар”ига киритилган. Жойларда ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилишини таъминлаш ва амалий кўмак кўрсатиш мақсадида элчихона томонидан вазирликлар, вилоят ҳокимликлари ва ватандошлар ўртасида мунтазам равишда видеоалоқа шаклидаги мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Мулоқот чоғида юртдошларимиз томонидан таклиф этилаётган ушбу инвестиция лойиҳалари мамлакатимизнинг, жумладан, мазкур ҳудудларнинг иқтисодий-ижтимоий равнақига, янги ишчи ўринлари яратилиши ҳисобидан аҳолининг турмуш даражасини оширишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Муҳокамалар натижаси ўлароқ, “Олтин дафтар”га киритилган  ватандошларнинг юртимиздаги тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва улар томонидан таклиф этилган бизнес режаларни жойларда амалга оширилишини таъминлаш юзасидан томонлар ўртасида аниқ чора-тадбирлар ҳамда бунга масъул бўлган мутасаддилар белгилаб олинди. Бу билан боғлиқ ишлар ижроси ўз вақтида ва самарали таъминланиши учун элчихона, маҳаллий ҳокимиятлар, вазирликлар ва тадбиркор юртдошларимиз иштирокидаги тўғридан-тўғри мулоқотларни мунтазам равишда ўтказиб туришга келишиб олинди.

Мавзуга оид

Туркиядаги ватандошлар ўзаро ёрдамга бел...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 17 август куни хорижда меҳна...

Жанубий Кореяда ватандошлар билан учрашу...

Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси ходимлари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Кванжу...

Германиядаги ватандошга юксак мукофот то...

Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида ватандошлар ҳамда Германия ижтимоий-сиёсий ва илм...

Сўнгги янгиликлар