Uz / Ўз Ru En

Toshkent

31/Март/2021   Таҳлил

Элчи Абат Файзуллаев: Ўзбекистон-Венгрия саммити давлатлараро мулоқотни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқди


ВЕНА, 31 март. /“Дунё” АА/. Бугун Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи якунланди.

Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев “Дунё” ААга Ўзбекистон-Венгрия олий даражадаги учрашувининг дастлабки натижалари, уларнинг икки мамлакатнинг тарихий муносабатларга асосланган замонавий ҳамкорлик истиқболларига таъсири, бугунги ўзаро алоқалар изчиллиги ҳақидаги фикрларини изҳор қилди.

- Венгрия ҳукумат делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ҳақли равишда тарихий, деб ҳисоблаш мумкин. Бу икки мамлакат ўртасидаги тўлиқ форматли мулоқотни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга замин яратади.

Биринчидан, Венгрия Бош вазири мамлакатимизга илк бор расмий ташрифи жараёнида ўзи билан салмоқли таркибдаги делегацияни бошлаб келди. Унга Ўзбекистон-Венгрия ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун 30 дан ортиқ йирик компанияси вакиллари ҳамроҳлик қилди.

Иккинчидан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Виктор Орбан Стратегик шериклик тўғрисидаги Қўшма декларацияни имзоладилар. Шундай қилиб, Венгрия Ўзбекистон билан сиёсий ҳамкорликни энг юқори даражага кўтарган Европа Иттифоқининг биринчи мамлакатига айланди.

Учинчидан, музокаралар натижасида томонлар 10 га яқин ҳужжатни қабул қилди, уларни амалга ошириш икки томонлама муносабатларда катта натижаларга олиб келади. Масалан, минтақалараро ҳамкорлик, атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида кадрлар тайёрлаш, инновацион ривожланиш, ирригация ва сув хўжалиги масалаларида ўзаро ҳамкорлик режаларини белгилайдиган муҳим шартномалар имзоланди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги муваффақиятларимизга ҳамда икки томонлама муносабатларни янада фаоллаштириш учун Ўзбекистон Президентининг Венгрия Бош вазири билан 2019 йил октябрь ойида Боку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммити доирасидаги учрашуви муҳим асос бўлди.

Мисол учун, сўнгги бир йил мобайнида Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сияйртонинг Ўзбекистонга икки маротаба ташрифи ташкил қилинди, Тошкент ва Будапешт шаҳарларида Савдо-иқтисодий масалалар бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилишлари ўтказилди.

Бундан ташқари, Венгрия компанияларининг Ўзбекистонда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга ва инвестицияларни киритишга катта қизиқиши борлигини гувоҳи бўляпмиз. Сўнгги тўрт йил ичида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми деярли уч бараварга ошди, шу жумладан, ўтган йил ўсиш 50 фоизни ташкил қилди.

Биз тўлиқ ишонч билан айтишимиз мумкинки, Тошкентда эришилган келишувлар ҳар икки томон манфаатларига бирдек хизмат қилади. Венгрия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи Виктор Орбан 2010 йилда бошлаган "Шарққа очилиш" сиёсатининг муваффақияти сифатида қабул қилинмоқда. Бу ҳақда Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири кеча бўлиб ўтган Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишида ҳам таъкидлаб ўтди.

Мавзуга оид

ЕОИИ ҳудудида дори воситаларини ишлаб чи...

ЕОИИ ҳудудида дори воситаларини ишлаб чиқариш хусусиятлари...

Афғонистонда тинчлик ўрнатилишининг асос...

АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тарихий тинчлик шартномаси имзоланди....

СМТИ: Ўзбекистон Афғонистон учун кенг қа...

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаг...

Сўнгги янгиликлар