30/Март/2023 Конституциявий ислоҳотлар
ДУБАЙ, 30 март. /«Дунё» АА/. БААдаги ўзбек диаспораси фаоли, «INKAS» ва «AKSUM» компаниялари раҳбари Улуғбекхон Мақсумов «Дунё» АА учун интервьюсида янгилаётган Ўзбекистон Конституция ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди:
- Амалдаги Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича 30 апрель куни умумхалқ референдуми ўтказилиши режалаштирилган. Бу Ўзбекистоннинг барча фуқаролари учун узоқ кутилган воқеадир.
Тадбиркор сифатида Конституцияга тегишли ўзгартишлар киритиш тарафдориман, чунки бу тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини мустаҳкам таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш йўлида қўйилган муҳим қадам деб биламан.
Мамлакатимиз Асосий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклифини муҳокама қилиш жараёнида халқимиз фаол иштирок этгани алоҳида эътиборга лойиқдир.
Ўйлайманки, халқимизнинг аксарияти мен каби бу ташаббусни қўллаб-қувватлайди. Хорижий оммавий ахборот воситаларида ушбу воқеа кенг ёритилаётгани, бу орқали жаҳон миқёсида рўй бераётган воқеаларга алоҳида аҳамият қаратилаётгани айниқса қувонарлидир.
Ишончим комилки, референдумда халқимиз мамлакат ичида ҳамда хорижий давлатлар ташкил этилаётган сайлов участкаларига бориб ўзларининг фуқаролик бурчларини аъло даражада адо этадилар.
Фурсатдан фойдаланиб, Чирчиқ шаҳридаги «AKSUM» корхонаси асосчиси ва раҳбари сифатида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистоннинг хорижий инвесторлар учун инвестиция жозибадорлигини ошираётгани учун мамлакатимиз раҳбариятига миннатдорлик ва ҳурмат-эҳтиромимни билдирмоқчиман.