19/Август/2022 Ҳамкорлик
ТОШКEНТ, 19 август. /“Дунё” АА/. Деҳлида Тошкент тиббиёт академияси (ТТА) ваколатхонаси очилди, деб хабар бермоқда “Дунё” мухбири.
Сўнгги йилларда Тиббиёт академияси халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Хусусан, ТТАдан олинган маълумотга кўра, жорий йил Академияга мазкур олий билим юрти билан ҳамкорликни йўлга қўйиш истагини билдирган 15 га яқин хорижий компания вакиллари мурожаат қилган. Уларнинг аксарияти Ҳиндистоннинг олий тиббий таълимга ихтисослашган муассасалари бўлган.
ТТА ишчи комиссияси пухта ўрганиш жараёнидан сўнг ҳамкорлик учун «Axis Institute of International Education» компаниясини танлаган. Мазкур ҳинд компанияси дунёнинг 20 га яқин етакчи тиббиёт университетлари, хусусан, Варшава университети (Польша), Манила университети (Филиппин), Япониянинг KUDAN институти, Грузия университети, Украина тиббиёт институтлари ва бошқалар билан алоқалар ўрнатган.
Хорижий мамлакатлардаги ушбу ваколатхона ТТА тарихида биринчи бўлиб, у Академиянинг Ҳиндистонда олий тиббий таълимни ташкил этиш, мазкур мамлакат меҳнат бозорида талаб юқори бўлган тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш бўйича ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиш, илғор тиббиёт муассасаларида ТТА раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари учун малака ошириш ва стажировкалар уюштириш бўйича манфаатларини ҳимоя қилади.
Ваколатхона фаолияти доирасида ТТА талабаларининг Ҳиндистоннинг етакчи тиббиёт марказларида амалиётини ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, Ҳиндистондан таниқли ўқитувчиларни таклиф этиш орқали Академиянинг педагогик салоҳиятини ривожлантиришга максимал даражада кўмаклашишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Келгусида Тошкент тиббиёт академиясининг Жанубий Корея, Туркия ва Польшада ҳам ваколатхоналарини очиш режалаштирилган.