09/Июнь/2022 Ватандошларимиз
СЕУЛ, 9 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси ходимлари Чангвон шаҳрида жойлашган жазони ўташ муассасасида бўлиб, ҳуқуқбузарликда айбланган ватандошларимиз ҳолидан хабар олди, дея хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Жиноят содир этганликда гумонланиб ушланган фуқароларга ҳуқуқий масалаларда маслаҳатлар берилди, адвокат ёллаш ва зарур ҳолатларда элчихонага мурожаат қилиш бўйича тавсиялар берилди.
Муассасада жазо ўтаётган ва гумон билан ушлаб турилганлар учун яратилган яшаш шароитлари, маданий-маърифий соҳаларда тақдим этилаётган дастурлар билан танишилди.
Фуқароларимиз элчихона консуллик бўлими ходимларига улар томонидан кўрсатилган ҳуқуқий ва бошқа ёрдам учун миннатдорлик билдирди.