07/Июль/2022 Тарих
ТОШКЕНТ, 7 июль. /«Дунё» АА/. Бухорода жойлашган 7 та маданий мерос объектлари Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ICESCO) томонидан Ислом олами маданий мероси рўйхатига олиниб, бу ҳақдаги сертификатлар топширилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Маданий мерос агентлиги маълумотига кўра, жорий йил 3-6 июль кунлари Марокашда ICESCOнинг 10-сессияси бўлиб ўтди. Мазкур сессияда Бухорода жойлашган 7 та маданий мерос объектлари Ислом олами маданий мероси рўйхатига олиниб, сертификатлар топширилди.
Исмоил Сомоний мақбараси, Чор Бакр, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Мағоки Аттор масжиди, Пойи калон ансамбли, қадимги Пойкент шаҳри қолдиқлари ва Тошсарой мадрасасига тегишли сертификатлар ICESCO Бош директори Салим Ал Малик томонидан тақдим этилди.
Юртимиз тарихига оид обидаларнинг ICESCO рўйхатига олиниши бой маданий меросимизни бутун дунёга тарғиб этишда, хусусан, ислом оламида маданиятимиз янада танилишида катта аҳамият касб этади. Ўзбекистон ҳудуди тарихан ислом ривожига катта ҳисса қўшган ўлка ҳисобланади.