16/Ноябрь/2022 Марказий Осиё
АШХОБОД, 16 ноябрь. /«Дунё» АА/. «Turkmenportal» ахборот агентлиги порталида Тошҳовуз туркман ва ўзбек халқлари дўстлиги фестивали иштирокчилари учрашувига ҳозирлик кўрмоқда” сарлавҳаси остида мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Манбада ёзилишича, Туркманистоннинг Ўзбекистон билан чегараси яқинида жойлашган Тошҳовуз шаҳрида 16 ноябрь куни туркман ва ўзбек халқлари дўстлиги фестивали очилади. Унда икки давлатнинг мусиқа ва театр жамоалари, таниқли маданият ва санъат намояндалари иштирок этишади.
Фестиваль доирасида икки мамлакат санъат усталарининг дўстлик концерти, ижодий учрашувлар, спектакллар, декоратив-амалий санъат кўргазмалари, туркман ва ўзбек фильмлари намойиш этилади.
Президент Сердар Бердимуҳамедов бўлажак ижодий акция абадий дўстлик ва яхши қўшничилик анъаналарига асосланган, икки халқ манфаатларига жавоб берадиган самарали Туркманистон-Ўзбекистон муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирариб, фестивални юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишни таъминлашни буюрди.
Тадбир доирасида Тошҳовузга қўшни давлатдан юздан ортиқ кишидан иборат нуфузли делегация ташриф буюради. Ўзбекистонлик меҳмонлар учун Кўҳна Урганч давлат тарихий-маданий музей-қўриқхонасидаги қадимги шарқ меъморчилигининг ноёб ёдгорликларини зиёрат қилишни ўз ичига олган маданий дастур тақдим этилади.
Таъкидланишича, илк бор 2010 йил октабрь ойида Тошҳовуз шаҳрида Туркманистон-Ўзбекистон дўстлик фестивали бўлиб ўтган, 2017 йил ноябрь ойида эса Туркманистонда Ўзбекистон маданияти кунларининг тантанали ёпилиш маросими ўтказилган эди.
“Туркманистоннинг шимолий минтақаси ва қўшни Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва самарали бизнес алоқалари 2017 йилнинг март ойида Тошҳовуз вилояти ҳокимлиги ва Хоразм вилояти маъмурияти ўртасида имзоланган савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисидаги битим асосида ривожлантирилади”, деб ёзади «Turkmenportal» ахборот агентлиги.