10/Декабрь/2020 Жамият
ТОШКЕНТ, 10 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг матни ва мусиқаси Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 10 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Қонун билан тасдиқланган.
Ушбу Қонуннинг 2-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир», деб белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси мустақилликка эътиқодни тарғиб қилади. Унинг матни фуқароларимизни мустақил давлат қуриш йўлида матонат ва жасоратга, сабр-тоқат ва фидокорликка, курашга чақиради, миллий ғурурни уйғотади.
Мадҳиямиз байрамлар, сиёсий чиқишлар, спорт анжуманлари, расмий давлат қабуллари, юқори аҳамиятли тадбирлар, турли давлат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатиш маросимлари ҳамда қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда ижро этилиб, давлат суверенитетига эътиқод ва ҳурматни расмий мусиқа ҳамда матн билан ифода этади.
Давлат мадҳияси Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов томонидан ёзилган. Унга Ўзбекистон халқ артисти, бастакор Мутал Бурҳонов мусиқа басталаган.
Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!
Яшнагай то абад илму фан, ижод,
Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!
Олтин бу водийлар - жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!
Бағри кенг Ўзбекнинг Ўчмас иймони,
Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!
Истиқлол машъали тинчлик посбони,
Ҳақсевар, она юрт, мангу бўл обод!
Олтин бу водийлар – жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!