26/Ноябрь/2022 Спорт
ТОШКЕНТ, 26 ноябрь. /«Дунё» АА/. Испаниянинг Ла-Нусия шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон вакиллари кеча иккита олтин медални қўлга киритди, бугун бўлиб ўтадиган финал жангларида яна олти нафар боксчимиз рингга кўтарилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Кеча ўтказилган финал жангида 48 килограммда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Гулсевар Ғаниева Ҳиндистон вакилини мағлубиятга учратиб мамлакатимизга биринчи олтин медални тақдим этди. 57 килограмм боксчилар ўртасидаги финал баҳсида рингга кўтарилган Бахтиёр Асадов эса мексикалик рақибига ҳеч қандай имкониячт қолдирмади. Гулсевар Ғаниева ва Бахтиёр Асадов шарафига Ўзбекистон мадҳияси янграб, байроғимиз кўтарилди.
Бугун 6 нафар чарм қўлқоп усталаримиз чемпионлик учун жанг қилади. Жумладан, 67 килограммда Жавоҳир Умматалиев Қозоғистон, 71 килограммда Фазлиддин Эркинбоев Венгрия, 70 килограммда Азиза Зокирова Украина, 75 килограммда Тўрабек Ҳабибуллаев Қозоғистон, 81 килограммда Олтиной Сотимбоева Англия, 80 килограммда Раҳматилло Бойматов Украина вакиллари билан куч синашади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобида ҳозирча 2 та олтин ва 2 та бронза медаллари бор.