26/Март/2023 Конституциявий ислоҳотлар
НОВОСИБИРСК, 26 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консуллиги томонидан жорий йил 30 апрель куни мамлакатимизда ўтказиладиган муҳим сиёсий тадбир – умумхалқ референдумига бағишланган on-line тарғибот-ташвиқот тадбири ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда ҳудудда фаолият кўрсатадиган ўзбек диаспора ташкилотлари раҳбарлари, фаол ватандошлар, профессор-ўқитувчилар, тадбиркор ва ишбилармонлар вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида олиб борилаётган Конституциявий ислоҳот Ўзбекистоннинг келгусида ҳам барқарор тараққий этишига, халқимиз фаровонлиги юксалиши, юртимизнинг янада обод бўлиши ва Ватанимизнинг дунёдаги обрў-эътибори янада ортишига қаратилган устувор вазифаларни бажаришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Мулоқотда, шунингдек, Забайкал ва Красноярск ўлкалари, Омск, Томск ҳамда Кемерово вилоятларидаги ўзбек жамоат бирлашмалари раҳбарлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Жумладан, Забайкал ўлкаси “Ўзбекистон халқи кенгаши” худудлараро жамоат бирлашмаси раҳбари, Забайкал давлат гуманитар-педагогика университети профессор-ўқитувчиси Тохир Мадиёров мамлакатимиздаги ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг хориждаги ватандошлар ҳамда меҳнат мигрантлари ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги фаол саъй-ҳаракатлари ўз натижасини бераётганлигини қайд этди.
Тадбир якунида барча ватандошлар жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга чақирилди.