27/Март/2023 Экология
ШАНХАЙ, 27 март. /«Дунё» АА/. Шанхайнинг оммабоп «Peng Pai» электрон нашрида «Орол денгизи яна умид ва янгиланиш рамзига айланмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда таъкидланишича, 22-24 март кунлари БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида Сув масалалари бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтган. «Ўзбекистон делегацияси анжуман иштирокчилари эътиборини Орол денгизи инқирозига қаратди», деб ёзади газета.
Ўзбекистон вакили Саида Мирзиёева ўз нутқида Оролбўйидаги Мўйноқ илгари йирик ишлаб чиқариш қувватларига эга порт шаҳар бўлгани, кейинчалик мувозанат бузилиб, денгизнинг ўлик қирғоқлари кемалар қабристонига айланганини таъкидлади. У, шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда минтақадаги экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилганини, жумладан, Оролбўйи минтақасини тиклашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон 14 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратганини урғулади.
Саида Мирзиёева халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистоннинг глобал сув муаммолари билан узвий боғлиқ бўлган Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирди.
«Peng Pai» нашрининг таъкидлашича, 2018 йилда БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси ташкил этилган. 2021 йил май ойида эса Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси Оролбўйи минтақасини “Экологик инновациялар ва технологиялар зонаси” деб эълон қилиш тўғрисида махсус резолюция қабул қилган.
«Peng Pai Xīnwén» (The Paper, 澎湃新闻) – «Shanghai United Media Group»га қарашли хитой тилида фаолият юритувчи нашр ҳисобланади. 2014 йилнинг июль ойидан бошлаб Интернет фойдаланувчилар сонининг ортиб бораётгани боис ушбу газета электрон шаклда чоп этилмоқда.