Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


СиёсатИқтисодиётДолзарбСайёҳликЎзбекистон дунё нигоҳидаЯна рукнларАрхив

07/Декабрь/2022   Иқтисодий дипломатия

БМТ Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси Ижроия кенгаши томонидан Ўзбекистонга оид мамлакат дастури муҳокама қилинди

РИМ, 7 декабрь. /«Дунё» АА/. Италия пойтахтида БМТ Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси Ижроия кенгашининг виртуал шаклдаги маслаҳатлашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.


Жамғарманинг Ижроия кенгаши аъзолари ва бошқа давлатлардан 60 нфардан зиёд вакиллар иштирок этган ушбу учрашувда  жамғарманинг қатор мамлакатлар учун ишлаб чиқилган қишлоқ хўжалиги лойиҳалари ва дастурлари тақдимоти ҳамда уларнинг муҳокамаси бўлиб ўтди.

Мазкур учрашувда жамғарманинг Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Дина Салех сўзга чиқиб, жамғарманинг кейинги 5 йилдаги Ўзбекистонга оид мамлакат стратегик имкониятлари дастурини тақдим қилди.

Ушбу дастур 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларга тўла мос келиши таъкидланди.

Хусусан, камбағалликни камида 2 бараварга қисқартириш, деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш, рақобатбардошликни ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини қўллаб-қувватлаш ушбу дастурнинг асосий мақсади эканлиги маълум қилинди.

Халқаро жамғарма томонидан ўз маблағлари ва қўшимча молия ресурслари ҳисобидан Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига 600 миллион  доллардан зиёд инвестиция киритилиши маълум қилинди.

Ушбу дастур орқали мамлакатда 205 мингдан зиёд деҳқон ва фермер хўжаликлари қамраб олиниши, асосан, ёшлар ва аёлларнинг имкониятлари яхшиланиши ҳамда иқлим ўзгаришига мос бизнес моделлари ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Дина Салех жамғарма иштирокида жорий йил октябрь ойида Ўзбекистонда ўтказилган халқаро тадбирда ушбу дастур маҳаллий жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинганини таъкидлади ҳамда жамғарманинг мамлакат миқёсидаги фаолиятини янада ошириш мақсадида Тошкентда ваколатхона очилишини олқишлади.

Учрашув давомида Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Отабек Акбаров сўзга чиқиб, мамлакатимизда аграр соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, қишлоқ хўжалигини модернизация ва диверсификация қилиш жараёнлари бўйича муҳим маълумотларни учрашув қатнашчиларининг эътиборига ҳавола қилди.

Хусусан, бугунги кунда қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро молия ташкилотларининг кредит ва грант маблағлари ҳисобидан йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани қайд этилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилгани баробарида унинг мустаҳкамланиши учун муҳим пойдевор ҳам қўйилгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон томони халқаро жамғарманинг кейинги 5 йилга мўлжалланган мамлакат стратегик имкониятлари дастури ва Марказий Осиё ҳудудида илк бор Тошкентда ваколатхона очиш бўйича саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаши, ушбу дастурда режалаштирилган қишлоқ хўжалигидаги лойиҳаларни рўёбга чиқаришда давлатимиз томонидан барча амалий чоралар кўрилиши қайд этилди.

Учрашув якунида 2023-2027 йилларга мўлжалланган мамлакат стратегик имкониятлари дастури жамғарманинг Ижроия кенгашнинг жорий йил 13-15 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган 137-сессияси йиғилишида тасдиқлаш учун тавсия этилиши эълон қилинди.

Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, IFAD Ижроия кенгаши 36 аъзо давлат вакилларидан ташкил топган. Жамғарманинг иш режаси юзасидан қарор қабул қилиш, давлатларга оид лойиҳалар ва молиявий дастурларни тасдиқлаш Ижроия кенгаш ваколатига киради. Кенгаш йиғилишлари бир йилда 3 маротаба ўтказилади.

Мавзуга оид

Самарқандда «Ўзбекистон тараққиёти учун ...

Самарқандда Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар ишбилармонлари...

Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумати раҳба...

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов билан Қирғизистон Республик...

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари ва ...

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқо...

Сўнгги янгиликлар