23/Февраль/2022 Саналар
ТОШКЕНТ, 23 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзолигига 30 йил тўлиши муносабати билан БМТ Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) бош котиби Зураб Пололикашвили ўзининг табрик ва тилакларини йўллади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири:
- Ҳурматли ҳамкасблар, азиз дўстлар!
Менинг энг самимий қутловларимни қабул қилгайсиз. 30 йил аввал Ўзбекистон БМТ оиласининг тўлақонли аъзоси бўлди. Шундан буён ўтган вақт мобайнида мамлакат иқтисодиёт, маданият, дипломатия ҳамда сайёҳлик йўналишларида салмоқли муваффақиятларни қўлга киритди.
UNWTO ва Ўзбекистон – ажойиб шериклар. Биз мамлакатда сайёҳликни ривожлантиришга йўналтирилган катта ҳажмдаги лойиҳаларни биргаликда амалга оширдик.
Мен, шунингдек, Ўзбекистон раҳбариятини ўзбек халқининг маданий меросини ҳимоя қилиш ва тарғиб этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун қутлашни истар эдим. Биз ана шундай ишларни ажойиб шаҳарлар – Самарқанд, Бухоро ва Хива мисолида кўришимиз мумкин.
2023 йили афсонавий Самарқанд шаҳри ўз бағрида сайёҳлик дунёсини - UNWTO Бош Ассамблеясининг 21-сессиясини қабул қилади. Бутун дунёга маълум ва машҳур бўлган ўзбекона меҳмондўстликни яна бир бор намоён этадиган, мамлакатнинг бой меросидан баҳраманд бўлишга имконият яратадиган бу тадбирнинг муваффақиятли ўтишига ишончим комил.
Ўзбекистон ва унинг халқига фаровонлик ва омадлар тилайман! Катта раҳмат! Самарқандда дийдор кўришгунча!