30/Январь/2023 Долзарб
БИШКЕК, 30 январь. /«Дунё» АА/. Қирғизистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Алмазбек Акматалиев 26-27 январь кунлари Бишкекда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Қирғизистон олий даражадаги музокаралари якунларини қисқача шарҳлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
– Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра, асосан қирғизлар истиқомат қиладиган Манас қишлоғи ободонлаштирилгани Ўзбекистонинг мамлакатларимиз ўртасидаги қардошлик, яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсати очиқлиги ва эътиборини яна бир бор намоён этди, - деди у. - Президент Садир Жапаровнинг 2021 йилда Ўзбекистонга ташрифи ҳам икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатлар кўламлини кенгайтириш нуқтаи назаридан самарали бўлган эди.
Турли соҳаларда – энергетикадан тортиб таълимгача бўлган жабҳаларни қамраб олган қатор муҳим ҳужжатлар имзолангани томонларнинг аниқ-равшан амалий ишларни рўёбга чиқаришга бўлган азму қароридан далолатдир. Шундай қилиб, том маънода қисқа вақт ичида Ўзбекистон Президенти Қирғизистонга давлат ташрифи билан келди. Ўйлайманки, ушбу ташриф стратегик шериклик, қардошлик руҳидаги дўстлик учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга ҳам жиддий туртки бўлади.
Сиёсатда битимлар, имзоланган ҳужжатлар ва шартномалар билан бир қаторда ҳал қилувчи, аниқ, мақсадли ҳаракатлар ҳам муҳим ўрин тутади. Президентларимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги энг муҳим масала – давлат чегараси юзасидан келишувга эришилди. Қамбар-Ота-1 ГЭСини биргаликда қуриш лойиҳаси бўйича келишув ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шундай қилиб, бугунги кунда Қирғизистон ва Ўзбекистон мамлакатлар ўртасида узоқ йиллардан буён ҳал этилмаган барча энг долзарб масалалар бўйича ўзаро тушунишга эришди. Ишончим комилки, томонлар зудлик билан эришилган барча келишувларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқаришга киришади. Буни ҳар икки давлат раҳбарларининг қатъий ва дўстона муносабатлари ҳам тасдиқламоқда.