26/Сентябрь/2022 Ватандошларимиз
ДУБАЙ, 26 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасининг Дубай шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари томонидан Бирлашган Араб Амирликларида истиқомат қилаётган ва меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ватандошларимиз ҳамда ушбу мамлакатда таҳсил олаётган талабалар иштирокида “Очиқ мулоқотлар куни” мазусидаги давра суҳбати ташкил этилди, хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашувдан кўзланган мақсад Амирликларда истиқомат қилиб келаётган ватандошларимизга консуллик-ҳуқуқий масалалар, уларни ўйлантириб келаётган долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлар, фуқароларимизга БАА бўлиб туришнинг ички қонун-қоидалари юзасидан тегилши маслаҳат ва маълумотлар бериш билан изоҳланади.
Давра суҳбатида ватандошларимизга сўнгги йилларда мамлакатимизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаётида рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистон Президентининг «Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг мазмун-моҳияти ҳамда ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳукумати томонидан хорижий давлатларда ишлаётган фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилаётгани билан боғлиқ масалаларда актрофлича фикр юритилди. Шу ўринда меҳнат мингратларининг оиласини қўллаб-қувватлаш, хорижда ишлаш пайтида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этиш тартиблари, тақдим этилаётган имтиёзлар сингари масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
БААда фаол ватандошларимиз ва ўз меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларимиз ўз чиқишларида бундай учрашувларнинг ўтказилиши мамлакатимизнинг ўз фуқароларига бўлган муносабатини намоён этишини таъкидлади. Бу, ўз навбатида, хорижда юрган фуқароларнинг кайфиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатаётгани алоҳида қайд этилди.
Бош консулхона ҳозирги кунда ватандошлар ўртасида шахмат бўйича бўлиб ўтадиган мусобақани ўтказишга тайёргарлик кўраётгани маълум қилинди. Унда нафақат барча ватандошларимиз, балки Амирликларда истиқомат қилаётган хорижлик ёшлар ҳам иштирок этиши ҳақидаги ташаббус қўллаб-қувватланди.
Шу билан бирга, 21 октябрь куни мамлакатимизда давлат тили қабул қилинганининг 33 йиллига бағишланган тадбирни ўзаро ҳамкорликда ўтказишга ҳам келишиб олинди.