Uz / Ўз Ru En

Toshkent

21/Июнь/2021   Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида

Бертельсман халқаро жамғармаси билан алоқалар янада мустаҳкамланади


БЕРЛИН, 21 июнь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва Германиянинг Бертельсман халқаро жамғармаси вакиллари иштирокида “Трансформация индексини тузиш методологияси” мавзусига бағишланган вебинар уюштирилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Бертельсман халқаро жамғармаси 1977 йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакатлар ривожланиш тамойилларини ўрганади, шунга асосан ҳар икки йилда бир маротаба “Трансформация индекси” бўйича тадқиқот натижаларини эълон қилади.

Ҳозирги пайтда 137 ривожланаётган мамлакатдаги 3 асосий индикатор – “Сиёсий трансформация”, “Бошқарув сифати” ва “Иқтисодий трансформация” бўйича шакллантириладиган мазкур рейтинг жаҳондаги етакчи илмий ташкилотларнинг 300 нафарга яқин эксперт ва мутахассислари тадқиқотлари ҳамда яқин ҳамкорлиги асосида ишлаб чиқилади.

Кўзланган мақсад мамлакатлардаги демократия, бозор иқтисодиёти ва сиёсий бошқарувнинг тараққиёти даражаси ва унга тўсқинлик қилувчи омилларни таҳлил қилиш билан изоҳланади.

Бертельсман халқаро жамғармасининг “Трансформация индекси” Жаҳон банкининг Бошқарув сифати индикаторлари ва “Транспаренси Интернэшнл” ноҳукумат ташкилотининг “Коррупцияга қарши туриш индекси”ни тузишда асосий ахборот манбаларидан бири бўлиб хизмат қилади.

Ўтказилган вебинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги сингари 30 дан ортиқ вазирлик ва идора вакиллари иштирок этди.

Тадбир чоғида Ўзбекистонда сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнлари ҳамда уларнинг самараси ўлароқ юз бераётган туб ўзгаришлар ҳақидаги атрофлича маълумотлар Германия вакилларининг эътиборига ҳавола қилингани баробарида  “Трансформация индексини” тузиш методологияси ва мазкур индекс доирасида Ўзбекистонга берилган баҳолар муҳокама этилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, “Трансформация индекси - 2020” мамлакатлар бўйича ҳисоботда Ўзбекистон 137 та мамлакат орасида “Трансформация ҳолати” йўналишида 10 баллдан 4,08 балл билан 107-ўринга лойиқ топилган. Бунда мамлакатимиз “Сиёсий трансформация” йўналишида 3,63 балл билан 105-ўрин (2018 йилга нисбатан 8 поғона ўсиш), “Иқтисодий трансформация” йўналишида эса 4,54 балл билан 98-ўринни (1 поғона ўсиш) эгаллаган. “Бошқарув сифати индекси” йўналишида мамлакатимиз 3,58 балл билан 108-ўринни (9 поғона ўсиш) эгаллаган.

Тадбир давомида ўзбекистонлик иштирокчиларни қизиқтирган масалалар юзасидан немис экспертлари томонидан тегишли маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, Бертельсман халқаро жамғармаси вакиллари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг фаолияти билан яқиндан таништирилди. Келажакда мазкур институт ва жамғарма ўртасида Ўзбекистонда давлат бошқарувини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотларнинг самарадорлиги бўйича биргаликда тадқиқотлар ўтказиш,  Бертельсман жамғармаси экспертлари билан Ўзбекистонда ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексини юритишда тажриба алмашиш, икки ташкилот мутахассислари алмашинувини ташкил этиш сингари йўналишларда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.

Тадбир якуни бўйича келгусида ҳам алоқаларни изчил давом эттириш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик нуқталарини белгилашга келишиб олинди.

Мавзуга оид

ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ва «Ҳиндис...

Мамлакатимизнинг Деҳли шаҳридаги элчихонаси кўмагида ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ва «Ҳин...

Буюк Британиядаги ватандошлар томонидан ...

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носиров ва ЕТТБ в...

Жанубий Кореяда янги ташкил этилган Ўзбе...

Бугун Квангжу шаҳридаги “Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмаси”да мамлакатимизнинг Се...

Сўнгги янгиликлар