Uz / Ўз Ru En

Toshkent

17/Май/2021   9 май - Хотира ва қадрлаш куни

Беларусда ўзбек қаҳрамонлари Абдусалим Дехқонбоев ва Жўрахон Усмонов хотираси ёдга олинди


МИНСК, 17 май. /«Дунё» АА/.  Беларуснинг Гомель вилояти Лоевский туманидаги Деражичи ва Хоминка қишлоқларида Қаҳрамонлар Абдусалим Деҳқонбоев ва Жўрахон Усмонов хотирасига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Хотира тадбирларида ўзбек дипломатлари, Лоевский тумани Ижроия қўмитаси раҳбарияти, ҳарбий хизматчилар, мактаб ўқувчилари, маҳаллий аҳоли ва турли  жамоат ташкилотларининг вакиллари иштирок этди.

Абдусалим Дехқонбоев 1906 йилда Фарғона вилоятининг Аширқўзи қишлоғида туғилган. 1943 йилда армия сафига чақирилган. Оддий аскар, 81-ўқчи дивизия, 467-ўқчи полкининг 3-ўқчи ротаси ҳарбийси бўлган. Ҳаво десант кучлари сафида у биринчилардан бўлиб Гомель вилоятида Днепр дарёсининг ўнг қирғоғига ўтиб, душман манзилига кириб борган. Нацистларни пулемёт билан доғда қолдириб, қолган аскарларнинг дарёни кесиб ўтишини таъминлаган. Беларусни озод қилишдаги жангларда қаҳрамонлиги учун 1944 йил 15 январь куни унга вафотидан сўнг Қаҳрамон унвони берилган.

Ҳар йили маҳаллий аҳоли 9 май куни Хоминка қишлоғидаги ёдгорлик атрофига йиғилади. Улар жанг майдонларидан қайтмаган, ҳалок бўлган, уруш туфайли майиб-мажруҳ бўлган аскарлар хотирасига ҳурмат бажо келтиради. Дарвоқе, ушбу ёдгорлик Совет ва Усмонов номидаги кўчалар кесишмасида ўрнатилган. Беларусликлар учун ноодатий бўлган ўзбек фамилиясини бу ерда барча яхши билади. Кўча Қаҳрамон, I даражали Ватан уруши ва Қизил Юлдуз орденлари соҳиби Жўрахон Усмонов шарафига қўйилган.

Хоминка қишлоғидан уч километр узоқликдаги Карповка қишлоғи ёнидаги Сож дарёси бўйидаги жангларда ўзбекистонлик бир йигит қаҳрамонлик кўрсатган. Архив ҳужжатларига кўра, 1943 йил 29 сентябрь куни тунда катта сержант Жўрахон Усмонов қўмондонлигидаги кичик гуруҳ дарёнинг ўнг қирғоғида кичик кўприкни эгаллади. Тонгда фашистлар уларни пайқаб қолади ва аскарларни йўқ қилишга уринади. Гуруҳ 30 мартадан ортиқ ҳужумни қайтаришга эришади.  Жангларда 9 нафар аскар тирик қолади, аммо улар чекинмайди. Жанг пасайгач, улар ўқ-дорилар, гранаталар тўплашга киришган, ярадор аскарлар жанг майдонидан олиб чиққан. Ёрдамчи кучлар келгунича улар курашни бир сония ҳам тўхтатмаган. 1994 йил 15 январь куни Жўрахон Усмонов Қаҳрамон унвонига сазовор бўлган. У ўша пайтда 20 ёшда эди.

Беларусь Сожининг ўнг қирғоғи ўзбекистонлик қаҳрамон учун омадли келди! Сож қирғоғидаги жанглардан сўнг Жўрахон Днепрнинг ўнг қирғоғидаги жангларда иштирок этиб, Беларусь Полесьесини душмандан озод қилган. 1944 йилнинг охирида эса у оғир яраланиб, ватанига — Тошкентдаги шифохонага жўнатилган. У 1945 йил 14 февраль куни оғир ярадорликдан сўнг вафот этган. Қаҳрамон ўзи туғилиб ўсган Сирдарё вилояти Ховос туманидаги Сават қишлоғида дафн этилган.

Лейтенант  Жўрахон Усмонов исми у хизмат қилган ҳарбий қисм доимий рўйхатига киритилган. Она қишлоғидаги ўрта мактаб, қишлоқдаги кўчага унинг номи берилган. Қаҳрамон шарафига ёдгорликлар - бюстлар Тошкент ва у туғилиб ўсган қишлоқда ўрнатилган. Сават қишлоғидан узоқдадаги Беларуснинг Хоминка қишлоғидаги кўча ҳам ўзбек аскарининг номи билан аталади. Бу Беларуссияни фашистлардан озод қилишда катта қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек жангчиси хотирасига миннатдорлик рамзи ҳисобланади.

Буюк Ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш бўйича ташаббус гуруҳи Қаҳрамон Жўрахон Усмонов шарафига Хоминка қишлоғида ёдгорлик лавҳасини ўрнатишни таклиф қилди. Тадбир доирасида Усмонов кўчасида унинг хотирасига ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди.

Мавзуга оид

Ҳиндистон элчиси: Биз минтақада тинчлик ...

Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Маниш Прабҳат "Дунё" ахборот агентлигига берган интерв...

Ремко Рейдинг: Ўзбекистон Иккинчи Жаҳон ...

Нидерландиядаги «Совет шон-шараф майдони» фонди директори, журналист ва тарихчи Ремко Рей...

Беларусда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бў...

Жорий йил 8 май куни Беларусь Республикаси Могилёв вилоятининг Бихов шаҳрида Иккинчи жаҳон...

Сўнгги янгиликлар