28/Май/2023 Иқтисодий дипломатия
МАДРИД, 28 май. /«Дунё» АА/. 23-25 май кунлари Ўзбекистоннинг Мадрид шаҳридаги элчихонаси “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг етакчи тўқимачилик корхоналари вакилларидан иборат делегация Барселона шаҳрига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташрифдан кўзланган мақсад – Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари ишлаб чиқарган маҳсулотлар экспортини кенгайтириш ҳамда уларнинг жаҳон брендлари билан тўғридан-тўғри алоқаларини ўрнатишдан иборат.
Ташриф чоғида маҳаллий корхоналаримиз шу кунларда Барселона шаҳрида бўлиб ўтган “Barcelona Textile Expo 2023” ҳалқаро кўргазмасида ўз стендлари билан иштирок этишди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жойиз, “Barcelona Textile Expo” Европа минтақасида энг йирик кўргазмалардан бири бўлиб, 2023 йилда унда жами 11 давлатдан, хусусан Испания, Германия, Италия, Туркия, Корея, Ҳиндистон, Хитой, Япония, Покистон, Миср ва Узбекистондан 170 га яқин иштирокчи ва 10 мингдан ортиқ соҳа мутахассислари қатнашди.
Кўргазма иштирокчилари ва тўқимачилик махсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғилланувчи мутахассислар Ўзбекистон тўқимачилик корхоналарига буюртмалар беришга катта қизиқиш билдирди. Олиб борилган музокаралар натижасида қатор хориж компаниялари вакиллари билан экспорт шарномаларини тузиш бўйича дастлабки келишувларига эришилди.
Шу билан бирга, ташриф доирасида делегация аъзолари Барселона шаҳри Савдо-саноат палатаси, Испаниянинг “ACIR” компанияси ва “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси билан ҳамкорликда Барселона шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон савдо уйи очилиш маросимида иштирок этишди. Гибрид шаклда ўтказилган тадбирда “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров, Барселона савдо-саноат палатаси халқаролаштириш бўйича директори М.Ориолс, “ACIR” компанияси президенти Э.Гулян, Ўзбекистоннинг Барселона ва Валенсия шахарларидаги фахрий консуллари П.Висенс ва Х.Чикилё ҳамда икки мамлакат тадбиркорлари қатнашди.
Томонлар мазкур ташаббусни юқори баҳолаб, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида жадал ривожланаётган савдо ва иқтисодий салоҳиятга эга давлат сифатида эътироф этишди.
Нафақат Испания ва Европа Иттифоқи бозори, балки Испаниянинг Лотин Америкаси давлатлари билан кучли тарихий савдо алоқалари сабабли икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликка катта қизиқиш билдирилди. М.Ориолс Ўзбекистон учун Испания Европада ишончли хамкор бўлиб қолишини ва Испания учун Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида асосий давлат сифатида қаралаётганини алоҳида урғулади.
Ўзбекистон Савдо уйи Барселона шаҳрида ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари савдосини йўлга қўйишга хизмат қилувчи майдон сифатида фаолият юритиб, маҳаллий маҳсулотларимизни етказиб бериш, сақлаш ва тарқатиш учун 370 мингдан ортиқ аъзоларига эга бўлган Барселона Савдо-саноат палатаси салоҳиятидан унумли фойдаланиш кўзда тутилган. Икки давлат тадбиркорлари ушбу яратилаётган платформани юқори баҳолаб, ҳозирги кунда сифатли ва жозибадор нархларга эга бўлган ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини Барселона орқали бутун Испания бозорига кириб келишига кенг имкониятлар очиб беришини таъкидлашди.