06/Май/2022 Ватандошларимиз
ДУБАЙ, 6 май. /«Дунё» АА/. Муборак Рамазон ҳайити кунлари Ўзбекистон Бош консулхона ходимлари Бирлашган Араб Амирликларидаги ўзбек диаспораси фаоллари билан биргаликда Шаржа ва Рас Ал-Хейма шаҳарларида вақтинча ишлаётган фуқароларимиз ҳолидан хабар олди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ватандошлар билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида Ўзбекистон Президенти томонидан «Инсон қадри учун» тамойили асосида барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, мамлакатимиздаги бағрикенглик, тинчлик, ёшларга, жумладан, хориждаги юртдошларимизга кўрсатилаётган эътибор ва кўмак ҳамда яратилаётган шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Ўз навбатида, ватандошларимиз Ўзбекистон раҳбарияти томонидан уларга кўрсатилаётган юксак эътибор учун самимий миннатдорлик билдирди.
Учрашувда, шунингдек, юртдошларимизни қизиқтирган саволларга дипломатлар томонидан батафсил жавоб берилди.