Uz / Ўз Ru En

Toshkent

19/Май/2021   Экология

АҚШдан муносабат: Оролбўйи минтақасини ривожлантириш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш янги кўлам кашф этмоқда


ТОШКЕНТ, 19 май. /«Дунё» АА/. «Табиий офат: Орол денгизи ва унинг барқарор ривожланиш сабоқлари» китоби муаллифи Марк Эдельштейн БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш тўғрисида резолюцияси қабул қилинганини олқишлади,  деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

- Мен Оролбўйи минтақасига биринчи марта 2011 йил ёзида АҚШ ва Ўзбекистоннинг қўшма илмий лойиҳаси доирасида борган эдим, - деди у.- Ўшанда нафақат қуриган денгиз, балки чўлга айланаётган минтақа билан ҳам юзлашдик. Бу ҳолат мени мазкур вазиятни яхшилашга ҳисса қўшишга ундади, зеро Орол денгизи ҳалокати иқлим ўзгаришига ҳам таъсир кўрсатарди. Унинг мисолида минтақа қандай қилиб кучли экотизим ўзгаришларини бошдан кечираётгани ва уларга бардош беролмай азоб чекаётганининг гувоҳи бўлдик.

Афсуски, ўша пайтдан бери дунёдаги кўплаб йирик сув ҳавзалари ҳам шундай оғир аҳволга тушиб бормоқда. Об-ҳавонинг ўзгариши ҳамма жойда кенг миқёсда ҳалокатли таъсирини кўрсатмоқда. Биз нафақат табиатга нисбатан кўрсатилаётган босимни тўхтатиш йўлида тез ҳаракат қилишимиз, балки йўқ қилган нарсаларни қайта тиклашни ҳам ўрганишимиз керак. Орол денгизи аввалги ҳолига қайтмаслиги мумкиндир, аммо у экологик саломатлик минтақаси сифатида такланиши шарт. Минтақани чўлланишдан сақлайдиган янги яшил майдонлар барпо этилиши зарур. Ер унумдорлигининг тикланиши натижасида аҳоли иш билан таъминлади, иқтисодиётни ривожлантириш учун зарур шарт-шароит яратилади.

Дунё аҳолиси Орол масаласи билан нафақат тузли чангларни тўхтатиш зарурати туфайли, балки ҳалокатли вазиятни ўнглаш ҳамда бу борадаги мақсадларга эришиш мумкинлигини намойиш этиш учун ҳам шуғулланиши керак. Оролбўйида эришилган муваффақият бошқа минтақалар учун намуна бўлади.

Биз нафақат атроф-муҳит Оролбўйидаги бўлгани каби тез таназзулга учраши мумкинлигига, балки одамларнинг бундай ўзгаришларга бефарқ бўлмаслиги зарурлигига эътибор қаратишимиз керак. Барқарор ривожланиш шунчаки сўзда бўлиши мумкин эмас.

Минтақа муаммоларини ҳал қилиш бўйича менинг қарашларим «Табиий офат: Орол денгизи ва унинг барқарор ривожланиш сабоқлари» китобида, АҚШ ва Ўзбекистондаги кўплаб тадбирларда, шунингдек, 2018 йил ноябрь ойида БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси ишга туширилишига бағишлаб ўтказилган тадбирдаги маърузамда ўз ифодасини топган.

Барқарор ривожланиш ва атроф-муҳитни тиклашга қаратилган ушбу ғоялар кўп йиллар давомида турли муҳокамаларга сабаб бўлиб келаётган эди. Биз 2018 йил июнь ойида минтақага қилган сафаримиз чоғида Ўзбекистон раҳбарияти ушбу муаммога жуда ҳам катта эътибор бераётганига гувоҳ бўлдик. Бу эътибор юқорида номи келтирилган жамғармани ташкил этиш ташаббусида ҳам акс этди. Аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, минтақани қайта тиклаш учун янги туртки берилди.

Ўзбекистонда Орол денгизи ҳавзаси учун Халқаро инновацион марказ ташкил этилди. Бу эса гўёки ечимини топиб бўлмайдиган муаммоларни бартараф қилиш имконият тақдим қилмоқда.

БМТнинг янги махсус резолюцияси Оролбўйи минтақасини ривожлантириш ва аҳоли ҳаётини яхшилашда янги кўлам кашф этмоқда. Янги резолюция минтақани экологик инқироз зонасидан экологик инновация ва технологиялар зонасига айлантиришга ёрдам беради. Кейинги босқичда экологик фалокат оқибатларини бартараф этиш модели асосида минтақа экотуризм зонасига айлантирилади.

Орол минтақаси кенг кўламли экотизимларни тиклаш бўйича тадқиқотлар марказига айланиши керак, деб ўйлайман. Бу, шунингдек,  геосиёсий муаммоларни ҳал қилишга ҳисса қўшади. Барча қийинчиликларга қарамасдан, она заминга меҳр кўрсатиш, табиат ва инсон саломатлигини сақлаш зарурлигини англатади.

Мавзуга оид

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида атроф-...

Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари И...

GIZ Оролбўйи минтақасини ривожлантириш л...

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GI...

Давлат солиқ қўмитасида Корея Республика...

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасида қўмита раиси Шерзод Кудбиев мамлакатимизга амалий сафар...

Сўнгги янгиликлар