Uz / Ўз Ru En

Toshkent

Dunyo.info


16/Март/2021   Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида

Америкалик мутахассислар сув омборлари хавфсизлигини биргаликда баҳолаш учун Ўзбекистонга келди


ВАШИНГТОН, 16 март. /«Дунё» АА/. АҚШнинг гидротехника иншоотлари хавфсиз фаолиятини назорат қилиш бўйича мутахассислар гуруҳи кеча Ўзбекистонга келди, деб хабар бермоқда «Дунё» мухбири.

Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, АҚШ армияси ҳарбий муҳандислар корпуси (United States Army Corps of Engineers, USACE) билан эришилган келишув доирасида гидротехника иншоотлари хавфсиз фаолиятини мониторинг қилиш бўйича кўп йиллик амалий тажрибага эга бўлган америкалик мутахассислар 15-28 март кунлари мамлакатимиз Сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ, «Давсувхўжаликназорат» давлат инспекцияси ва бошқа тузилмалар вакиллари билан биргаликда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида жойлашган «Ҳисорак» ва «Тўпаланг» сув омборларининг ҳолатини ўрганади.

Мутахассислар ушбу гидротехника иншоотларининг бугунги ҳолати ва яхлитлигини ўрганади, уларнинг фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган хавфларни таҳлил қилади. Ушбу жараёнда объектларнинг техник ҳужжатларини ўрганиш билан бир қаторда тўғонларни замонавий ускуналар билан бевосита текшириш ҳам режалаштирилган. Тадқиқот натижалари асосида эҳтимолий носозликлар моделларини ишлаб чиқиш, уларнинг юзага келиши мумкин оқибатларини таҳлил қилиш, шунингдек, тўғонларнинг техник мониторингини ўтказиш ва хавфсизлик даражасини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, 25-29 январь кунлари USACE мутахассислари сув омборлари хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган ўзбекистонлик мутахассислар учун онлайн-тренинглар ўтказган эди. Машғулотлар давомида гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг техник ҳолатини мониторинг қилиш, фаолият доирасида юзага келиши мумкин бўлган хавфлар эҳтимолини таҳлил қилиш, олдиндан огоҳлантириш, шунингдек, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича янги усуллар ҳақида маълумотлар тақдим этилди.

Ўтган йил май ойида Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омборида содир бўлган техноген офат профилактика чоралари ва мутахассисларнинг касб маҳоратини ошириш муҳимлигини намойиш этди. Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантириш стратегиясига мувофиқ, 2021 йилда мамлакатимизда Йирик тўғонлар бўйича халқаро комиссия техник регламентлари ва тавсияларини қўллаш ва тасдиқлаш, шунингдек, хорижий давлатларнинг сув омборлари хавфсизлиги ва ишончли фаолиятини таъминлаш бўйича замонавий тадбирларни жорий этиш бўйича илғор тажрибасини ўрганиш бўйича таклифлар тайёрланади.

USACE - АҚШда 1775 йил ташкил этилган илк давлат хизматларидан биридир. Айни пайтда 30 мингдан зиёд киши меҳнат қилаётган федерал агентлик, асосан, режалаштириш, лойиҳалаш, сув омборлари қуриш ва тошқинлардан муҳофаза қилиш ҳамда табиий экотизимларнинг биологик хилма-хиллигини тиклаш билан шуғулланади. Корпус Америка Қўшма Штатларида 3 мингдан ортиқ гидротехник иншоотни эксплуатация қилиш ва уларга техник хизмат кўрсатишни таъминлайди, 110 мамлакатда гидротехника иншоотларини лойиҳалаш, қуриш, хавфсизлик бўйича тадқиқотлар ўтказиш ва тўғонларнинг бузилиши оқибатларини бартараф этишга ёрдам беради.

Мавзуга оид

Ўзбекистон элчиси Грузия Президентига иш...

Ўзбекистоннинг Грузиядаги элчиси (қароргоҳи - Боку шаҳрида) Баҳром Ашрафхонов Грузия Прези...

Франция билан ҳамкорликдаги сармоявий ло...

Аввал хабар қилинганидек, Франция Ташқи ишлар вазирининг Марказий Осиё давлатлари билан иқ...

Ўзбекистон Ҳарбий прокурори Хитой элчих...

Бугун Ўзбекистон Бош прокурорининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокурори г...

Сўнгги янгиликлар