Uz / Ўз Ru En

Toshkent

01/Сентябрь/2020   Иқтисодиёт

Афғонистон чарм-пойафзал ва қоракўлчилик соҳасини ривожлантиришда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилади


КОБУЛ, 1 сентярь. /«Дунё» АА/. Кеча «Ўзчармсаноат» уюшмаси ва Афғонистон чарм-пойафзал саноати вакиллари ўртасида видеомулоқот ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 Видеоконференция мамлакатимизнинг Кобулдаги элчихонаси томонидан ташкил этилди.

Онлайн анжуманда Ўзбекистон томонидан «Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси ўринбосари Ф.Нурмуҳаммедов, Ўзбекистон Республикасининг Кобулдаги элчиси Ё.Шодмонов, Мазори-Шариф шаҳридаги консули Ж.Фаттоев, Афғонистон томонидан Афғонистон савдо ва инвестициялар палатаси раиси ўринбосари Ш.Атоий, Афғонистон савдо ва инвестициялар палатаси раиси ўринбосари Х.Майел, Афғонистон халқаро савдо палатаси раиси Ҳ.Фазли, Афғонистон савдо ва инвестициялар палатаси Балх вилоят бўлими раиси А.Юнусий, Афғонистон пойафзал ишлаб чиқарувчилар уюшмаси раиси М.Жомий ва  ушбу соҳасида фаолият юритувчи бир қатор хусусий ширкатлар раҳбарлари  иштирок этишди.

Музокаралар аввалида мамлокатимиз элчиси сўнгги йилларда икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестицион соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва келажаги борасида атрофлича маълумот берди.   

«Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси ўринбосари Ф.Нурмуҳаммедов ўз чиқишида уюшма фаолияти, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳамда экспорт имкониятлари борасида маълумот тақдим этди. Уюшма фаолияти ҳақидаги «PowerPoint» шаклида тайёрланган маълумотлар тақдимоти Афғонистонлик мутахассисларда катта таассурот қолдирди.

Чарм-пойафзал ва мўйначилик (коракўлчилик) соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича Ўзбекистон томони таклифлари Афғонистонлик мутахассис ва ишбилармон доиралари вакилларида катта қизиқиш уйғотди.

Ўз навбатида, Афғонистон томони икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни юқори баҳолаб, тармоқда мавжуд муаммолар ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўз таклифларини баён қилдилар.

Суҳбатдошларнинг таъкидлашича, Афғонистонда йилига 1,1 миллион дона ҳайвон териси тайёрлаш имкони мавжуд. Аммо, мамлакатда узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган нотинчлик сабабли, терини қайта ишлаш бўйича замонавий технологиялар мамлакатга олиб келинмаган.Бу соҳада фаолият юритган фабрика ва заводлар эса маънан эскирган. Натижада, Афғонистонда етиштирилган ҳайвон териларининг 90 фоизи қайта ишлаш учун хорижий давлатларга, жумладан Покистонга жўнатилади. Қайта ишланган хом ашё эса Афғонистонга бир неча баробар қиммат нархларда қайтариб олиб кирилади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Афғонистонда 630дан зиёд давлат ва хусусий ширкатлари фаолият юритиб, улар томонидан ҳар йили 21 миллион жуфт пойафзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, йилига 42 миллион жуфт пойафзал учун тайёр чарм маҳсулотларига мамлакатда эҳтиёж мавжуд.

Таъкидланишича, Афғонистон тижоратчилари томонидан ҳар йили хорижий давлатлардан қарийб 18 миллиард афғоний (233,4 миллион АҚШ доллари) миқдорида пойафзал импорт қилинади. Афғонистонда етиштирилган тери маҳсулотларини қўшни Ўзбекистон корхоналарида қайта ишлаш ва Афғонистонга олиб кириш нисбатан арзонга тушади ва мамлакатда қўшимча иш ўринлари яратишга имкон яратади.

Қоракўл териларини хорижий давлатлар бозорларига замонавий  стандартлар асосида етказиб беришда ҳам муаммолар мавжуд ва бу борада Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйиш лозимлиги тадбир иштирокчилари томонидан таъкидланди. 

Афғонистонлик мутахассис ва ишбилармон доиралари вакилларининг чарм-пойафзал ва қоракўлчилик соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича қатор  таклифлари Ўзбекистон томонига тақдим этилди.

Музокаралар якунида юқорида қайд этилган таклифлар бўйича ишлаш,  яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга учун ўзаро мулоқот ва учрашувларни келажакда яна давом эттириш бўйича келишувга эришдилар. 

Мавзуга оид

Жиззахда “Volkswagen” автомобиллари ишла...

«Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти билан «Volkswagen Group Rus» компанияси ўртасида ҳамкор...

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ва ФАО...

Жорий йилнинг 7 январь куни Ўзбекистон кишлоқ хўжалиги вазири, ноябрь ойида БМТнинг Озиқ-о...

"Ўзбекнефтегаз" ва "Лукойл" қўшма корхон...

Тошкентда “Ўзбекнефтегаз” АЖ ва “Лукойл” компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми им...

Сўнгги янгиликлар