26/Январь/2023 Ўзбекистон дунё нигоҳида
БИШКЕК, 26 январь. /«Дунё» АА/. «Катта имкониятлар ташрифи» - Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга бугун бошланган давлат ташрифига етакчи қирғиз оммавий ахборот воситалари ана шундай таъриф бераётир, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Қирғизистоннинг «Кут билим» нашри ва оммабоп «Вечерний Бишкек» нашриёт уйи веб-саҳифасида эълон қилинган сиёсатшунос Кубан Абдимен қаламига мансуб “Ўзбекистон имижини ўзгартирган Президент” сарлавҳали мақолада ушбу ташрифнинг аҳамиятини бошқача баҳолаш ғайри имкон эканлиги таъкидланган. “Биринчидан, мазкур ташриф Шавкат Мирзиёев 2021 йил октябрь ойида Ўзбекистон Президенти этиб қайта сайланганидан кейин Қирғизистонга биринчи ташрифдир. Иккинчидан, ўттиз йиллик музокаралардан сўнг жорий йил Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегарасидаги барча баҳсли участкалар бўйича келишув жараёни якунланди. Учинчидан, Ўзбекистон Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бўйича халқаро лойиҳада иштирок этишини расман эълон қилди. Тўртинчидан, Тошкент Қозоғистон билан биргаликда Қирғизистонда Қамбарота ГЭС-1 қурилиши бўйича йирик лойиҳада қатнашишга қарор қилди. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши оқимнинг қуйи қисмида жойлашган мамлакатларга вегетация даврида кафолатланган сув ресурсларини етказиб бериш, шунингдек, йил мавсумидан қатъи назар минтақа ягона энергетика тизими учун электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминлаш мақсадларига қаратилган”, деб қайд этган муаллиф.
Қирғиз сиёсатшуноси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бевосита қабул қилинган қарорлар асосида Қирғизистон ва Ўзбекистон муносабатларида эришилган бошқа кўплаб ижобий ўзгаришлар борлиги ҳақида ёзган. “Ўзбекистон раҳбарининг қирғиз халқи ва бутун Қирғизистонга нисбатан самимий муносабати яхши маълум, - деб урғулаган Кубан Абдимен. – Ўзбекистон етакчиси Жиззах вилоятидаги қирғиз миллатига мансуб аҳоли истиқомат қиладиган Манас қишлоғи қиёфасини янгилаш ташаббусини илгари сурган ва қирқ кун ичида ушбу қишлоқ буткул янги замонавий қиёфага эга бўлганини кўриб, хурсанд бўлган эди. Бу унинг қирғиз халқига бўлган ҳурмати, “Манас” достонининг мазмун-моҳиятини чуқур англагани, шунингдек, Ўзбекистондаги қирғиз диаспорасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатганидан ёрқин далолатдир”.
“Кабар” Миллий ахборот агентлиги “Катта имкониятлар ташрифи. Қирғизистон ва Ўзбекистон Президентлари мислсиз ҳужжатлар тўпламини имзолайдилар” сарлавҳали мақолани тарқатди. Унинг муаллифи Кирилл Степанюкнинг ёзишича, «Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган юқори даражага кўтарилмоқда. Икки давлат етакчилари чегарани белгилаш бўйича баҳсли масалаларни ҳал этиб бўлгач, иқтисодий кун тартибни илгари суриш билан фаол шуғулландилар. Президентлар Садир Жапаров ва Шавкат Мирзиёев асосий эътиборни ҳар икки республика аҳолиси фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратмоқда».
«Қачонки қўшнилар тинчлик ва ҳамжиҳатликда ҳаёт кечиришса улар учун умумий манфаатларга дахлдор минтақавий хавфсизлик масалаларидан тортиб энергетика, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва бошқа соҳалардаги йирик лойиҳаларни амалга оширишгача бўлган ҳар қандай муаммоларни ҳал этиш осон кечади, - дея таъкидланади мазкур мақолада. - Экспертлар Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги мулоқот стратегик шериклик мақомига эга бўлгани, икки мамлакат етакчилари иттифоқчилик муносабатларини ривожлантиришга бел боғлаганига эътибор қаратмоқда. “Биз кўп асрлар давомида яқин қўшнилар бўлиб яшаб келганмиз ва доимо шундай бўлиб қолади” деган оддий ҳақиқат сиёсий ҳамкорлик йўлидаги асосий дастуриламалга айланди”.
Муаллиф олий даражадаги доимий алоқалар ва музокаралар жараёнида Қирғизистон ва Ўзбекистон етакчилари сиёсий муҳитни ўзгартиришга киришдилар, бу бутун минтақага ижобий таъсир кўрсатмоқда, деб қайд этган. Трансчегаравий дарёлар оқими масаласи бўйича келишув Қирғизистонга «Қамбар-ота-1» ГЭСи қурилиши лойиҳасини амалга оширишни бошлаш имконини берди ва уни ҳаётга тадбиқ этишда нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон ҳам иштирок этади. Йирик ГЭСнинг қуввати нафақат аҳоли эҳтиёжини тўлиқ қондириш, балки минтақада энергия ишлаб чиқариш корхоналарини яратиш, янги завод ва фабрикалар очиш учун ҳам етарли бўлади.
«Кабар» Миллий ахборот агентлиги, шунингдек, сиёсатшунос Шерадил Бактигуловнинг Қирғизистон ва Ўзбекистон муносабатларининг замонавий босқичига бағишланган мақоласини ҳам эълон қилди. Муаллиф Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолатини батафсил таҳлил қилар экан, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларнинг жадал ривожланиб бораётганига алоҳида эътибор қаратган.
«Ўзбекистон жадал ривожланаётган истеъмол бозорига, Қирғизистон эса катта гидроэнергетика салоҳиятига эга, - деб ёзади эксперт. - Жаҳон банкининг бу борадаги ҳисоб-китоби қизиқиш уйғотади – 2020 йилдан 2030 йилгача Марказий Осиё давлатлари гидроэнергетика салоҳиятидан фойдаланишни яхшилаш ва минтақадаги қувватларни биргаликда режалаштириш орқали 6,4 миллиард долларгача иқтисодий фойда олиши мумкин».
«Яна бир истиқболли лойиҳа Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишидир, - дейди қирғизистонлик сиёсатшунос. - Мазкур йирик лойиҳада иштирок этаётган барча мамлакатларда ушбу йўналишга қизиқиш юқори. Нидерландияда жойлашган нуфузли «RailFreight» халқаро ресурсининг ҳисоб-китобларига кўра, бу темир йўлнинг қурилиши Хитойдан Ўзбекистонгача бўлган масофани жиддий қисқартиради. Темир йўл йўналиши Эрон (Туркманистон орқали) ва Туркия, алал-оқибат Европа билан боғланади. Хитойдан Жануби-Шарқий Европага йўналиш 900 километргача қисқариши мумкин, бу етти-саккиз кунга тенгдир».
Мақола интиҳосида «Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги замонавий муносабатлар ҳақида гапирганда, ҳамкорлик асослари ва йўналишлари ўзгаришсиз қолаётганини, ҳамкорлик имкониятлари кенгайиб, янги воқеликка айланиб бораётганини таъкидлаш керак», деб ёзади Шерадил Бактигулов.
2016-2018 йилларда Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси бўлиб ишлаган Дониёр Сидиқов «Асрларга тенг қирғиз-ўзбек дўстлигининг 30 йили» сарлавҳали мақоласида қадим замонлардан буён мамлакатларимиз халқларининг манфаатлари, интилишлари ва тақдири умумий асосларга эга эканлиги таъкидланган. “Буларнинг барчаси ўз давлатчилигини яратган буюк паҳлавонлар, амирлар, афсонавий сиймоларнинг кўрсатган жасоратлари ҳақидаги достонларимиз, ёзма манбаларимизда сақланиб қолган, - деб ёзади у. - Бизнинг тарихимиз, тилимиз, динимиз, маданиятимиз, урф-одатларимиз, маънавий қадриятларимиз муштарак, қон-қариндошлик ришталари мустаҳкам. Айнан ана шундай муносабатлар Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ўзаро манфаатли шерикликни янада изчил ривожлантириш зарурлигини олдиндан белгилаб берди. 2016 йилда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти этиб сайланиши Қирғизистон-Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлади ва барча даражаларда конструктив мулоқот давом эттирилди».
«Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида амалга оширилаётган янги ислоҳотлар, Қирғизистонга нисбатан дўстона сиёсат икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун кўплаб имкониятларни очиб берди. Ишонаманки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи ҳам тарихий бўлиб, барча соҳалардаги муносабатларни янада ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшади», дея таъкидлайди Дониёр Сидиқов.
Ташриф арафасида, шунингдек, «Слово Киргизстана» газетасида Қирғизистон Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар миллий институтининг Ҳуқуқий ва сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари Автандил Арабаевнинг «Йўл харитасида чегара йўқ» сарлавҳали таҳлилий мақоласи чоп этилди.
Унда Қирғизистон жамоатчилиги Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифига алоҳида эътибор қаратаётгани таъкидланган. Ушбу ташриф нафақат муҳим воқеага айланиши, балки Қирғизистон-Ўзбекистон муносабатларидаги қатор долзарб масалаларни ҳал этиш йўлларини ҳам белгилаб беради.
Автандил Арабаев Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти этиб сайланиши ортидан давлатлараро муносабатлар фаол ривожлана бошлаганини қайд этган. «Бунда сиёсатчи Шавкат Мирзиёевнинг зукколиги яққол намоён бўлди, - дейди эксперт. - Ахир қирғизлар ва ўзбеклар шунчаки қўшни эмас – бу халқларни умумий тарих, маданият, маънавий ва диний қадриятлар боғлаб туради. Шу боис Қирғизистон билан яхши қўшничилик ва ишончли муносабатлар ўрнатиш Ўзбекистон етакчиси ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади».
Шу билан бирга, Ҳуқуқий ва сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари таъкидлаганидек, Марказий Осиё давлатлари орасида Қирғизистон Қозоғистондан кейин Ўзбекистоннинг иккинчи савдо шеригига айланди.
Муаллиф, шунингдек, муштарийлар эътиборини Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларига оид масалаларни ечиш йўлида эришилган натижаларга қаратган. «Шубҳасиз, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги Давлат чегараси масалаларининг якуний ечими икки давлат ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
“Садир Жапаров ва Шавкат Мирзиёев ўртасида яқин ишончли муносабатлар ўрнатилгани эътиборлидир. Бу, албатта, дўстона ва ўзаро манфаатли давлатлараро муносабатларни ривожлантиришда ҳам, икки қардош халқнинг тинч ва тотувликда яшашга интилиши учун мустаҳкам шарт-шароит яратишда ҳам ижобий самара бермоқда”, деб ёзади Автандил Арабаев.
Эътиборли жиҳати, «Слово Киргизстана» умуммиллий газетаси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи тўғрисидаги ахборот материалини «Хуш келибсиз, жаноб Президент!» сарлавҳаси остида чоп этди.