24/Ноябрь/2022 Спорт
ТОШКЕНТ, 24 ноябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида Кураш бўйича катталар ўртасида XIII жаҳон чемпионати ва Халқаро Кураш ассоциациясининг XIX конгресси ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон спортни ривожлантириш вазирилиги маълумотига кўра, вазир Адҳам Икромов Халқаро Кураш ассоциациясининг XIX конгрессида иштирок этди.
Хусусан, йиғилишнинг муҳим янгиликлардан бири сифатида Ўзбекистон спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромовнинг Кураш халқаро ташкилотининг биринчи вице-президенти лавозимига сайланса мақсадга мувофиқ бўлиши эътироф этилмоқда.
Йилнинг энг нуфузли кураш байрамида сайёрамизнинг 70 га яқин давлатидан энг сара полвонлар жаҳон чемпионати медаллари учун баҳсларга киришмоқда.
Ғолиблик учун асосий даъвогар ҳисобланган Ўзбекистон терма жамоаси 21 ноябрь куни Пуна шаҳрига йўл олди.
Ўзбекистон курашчилари 2019 йил 30 август - 6 сентябрь кунлари Жанубий Кореянинг Чунгжу шаҳрида ўтказилган 12-жаҳон чемпионатида умумажамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган эди.
Эслатиб ўтамиз: кураш бўйича катталар ўртасидаги XIII Жаҳон чемпионати ва Халқаро Кураш ассоциациясининг XIX конгресси 28 ноябрга қадар давом этади.