Uz / Ўз Ru En

Toshkent

30/Декабрь/2020   Таҳлил

Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари


ТОШКЕНТ, 30 декабрь. /«Дунё» АА/. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномаси мамлакатимиз кенг жамоатчилигида катта қизиқиш билан қарши олинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Қуйида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акром Неъматов ҳамда мазкур институтнинг бўлим раҳбари Амир Саломов томонидан билдирилган муносабатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

– 29 декабрь мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида йилнинг энг муҳим тадбири – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси эълон қилинди. Давлатимиз раҳбарининг мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг долзарб масалалари юзасидан билдирган фикрлари, таклиф ва ташаббуслари сиёсий доира вакиллари ва кенг жамоатчилик томонидан юксак баҳоланмокда.

Мурожаатномада 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган муҳим ислоҳотлар, эришилаётган натижалар ва олдимизда турган устувор вазифалар чуқур таҳлил этилди.

Хусусан, мамлакатимизнинг ташқи сиёсатини ривожлантириш,  хорижий мамлакатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам урғу берилди. Президентимиз бу ҳақда тўхталар экан, жумладан, Ўзбекистон яқинда Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олгани, ушбу ташкилотга аъзо бўлган давлатлар бозорларида тўлақонли иштирок этиш учун миллий техник тартибга солиш меъёрларини уларнинг талабларига мослаштириш бўйича ишларни жадаллаштириш зарурлигини айтиб ўтди.

Таъкидлаш жоиз, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатида миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш ва иқтисодий модернизацияни жадаллаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Ўзбекистон фуқаролари манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, халқаро иқтисодий алоқалар тизимида мамлакатимизнинг ўрни ва ролини ҳамда жаҳон ҳамжамиятидаги обрўсини мустаҳкамлаш мақсадида фаол ишлар олиб борилди.

Хусусан, Ўзбекистон ўз тарихида илк бор Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ташкилотига раислик қилди ҳамда белгиланган режа ва мақсадларни муваффақият билан амалга оширди.  БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо бўлди. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолияти доирасида Ўзбекистоннинг иштироки сезиларли равишда фаоллашди. Пандемияга қарамасдан яқин ва узоқ хориждаги барча мамлакатлар ҳамда ташкилотлар билан шериклик алоқалари янада мустаҳкамланди.

Шу билан бирга, якунланаётган йилнинг муҳим воқеалардан бири –
11 декабрь куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашида Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо-мамлакат раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикасига ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисида бир овоздан қарор қабул қилингани бўлди.

Қайд этиб ўтиш лозимки, ЕОИИ томонидан Ўзбекистонга ушбу ташкилот ҳузурида кузатувчи давлат мақомининг берилиши, бу шубҳасиз сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ошаётганлиги, мамлакатимиз ташқи савдо-инвестицион муносабатларда фаол иштирокчига айланиб, минтақада муҳим роль ўйнаб келаётганлигини яққол намоён қилди. Бундан ташқари, кузатувчи давлат мақомининг берилиши – ташкилотга аъзо давлатлар томонидан Ўзбекистонга ишончли ва маъсулиятли ҳамкор сифатида қаралишидан далолатдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ЕОИИ саммитидаги нутқида таъкидлаганидек, бугунги кунга келиб Иттифоқнинг халқаро нуфузи тобора ортиб, ташкилотнинг хорижий мамлакатлар билан амалий ҳамкорлик географияси кенгайиб бормоқда. Шу ўринда ўтган саммитда Ўзбекистон билан бир қаторда Куба давлатига ҳам ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақоми берилганлиги ЕОИИ ривожланиб бораётган салоҳиятли ва кенг қамровли иқтисодий ҳамкорликни изчиллик билан олиб бораётган ташкилот эканлиги намоён бўлмоқда.

Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик қилишининг сезиларли фаоллашиши, жумладан, ташкилот ҳузуридаги кузатувчи мақомини олиши ҳар томонлама мамлакатимизнинг миллий манфаатларига жавоб беради ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги устувор ва долзарб вазифаларни амалга оширишда хизмат қилади.  Буни қўйидаги омиллар орқали кўрсатиб ўтиш мумкин.

Биринчидан, ЕОИИ минтақада катта иқтисодий салоҳиятга эга ва ривожланиб бораётган тузилмалар сафига киради. Хусусан, иттифоқ аҳолиси сони 185 миллион нафар, аъзо-мамлакатлар ҳудуди дунё ер майдонининг 14 фоизини эгаллайди. Бутун дунё табиий газ заҳираларининг 20 фоизи, унинг экспортининг 50 фоизи, нефть заҳираларининг 8 фоизи ва экспортининг – 18 фоизи, кўмир заҳираларнинг 22 фоизи, жаҳонда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 5,1 фоизи Иттифоқга аъзо давлатлар ҳиссасига тўғри келади.

Қайд этиш лозимки, иттифоқ иқтисодиётининг муҳим тармоқлари жадаллик билан модернизация қилиниб, технологик ва юқори қиймат қўшилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилмоқда. Жумладан, 2019 йилда ЕОИИда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 1,2 триллион долларини ташкил этди (2018 йилга нисбатан 2,5% ўсиш). Cаноатда қайта ишлаш маҳсулот ҳажми 2018 йилга нисбатан 13,8 фоиз ўсиш қайд этилди. Шу билан бирга иттифоқ давлатлари ўртасида саноат маҳсулотларининг савдо айланмаси 2018 йилга нисбатан 34,1 фоизга ошди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва қайта ишлаш ҳажми 2019 йилда 120 миллиард долларни ташкил қилди (2018 йилга нисбатан 3,4% ўсиш қайд қилинди).  Иттифоқ ҳудудида ўзаро товар айланмаси ўтган 5 йилда 35 фоизга ошиб, 2019 йилда 62 миллиард долларга етди. ЕОИИ чет давлатлар билан ташқи савдоси айланмаси 2019 йилда 733,1 миллиард долларни ташкил қилди (экспорт 459,3 миллиард доллар, импорт – 273,8 миллиард доллар).

Ушбу ижобий иқтисодий тенденциялар ўз навбатида хорижий мамлакатларнинг ЕОИИ билан ҳамкорликни фаоллаштиришга қизиқиши ортишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи савдо-иқтисодий ҳамкорлик ўрнатиш бўйича Эркин савдо ҳудуди (ЭСҲ) тўғрисидаги шартномалар имзолаш орқали учинчи мамлакатлар билан ҳам ҳамкорлик қилади. Бугунги кунга қадар ЕОИИ эркин савдо ҳудуди тўғрисида Вьетнам (2016 й.),  Сингапур (2018 й.), Эрон (2018 й.), Сербия (2019 й.) билан шартномалар имзоланган. Шунингдек ЕОИИ ва Хитой ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокаралар якунланди.

ЕОИИ билан эркин савдо ҳудуди ва ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзолаган учинчи мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулоти 29,6 триллион долларни (харид қобилияти паритети бўйича) ёки жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 23,2 фоизини ташкил этади. Иттифоқнинг ташқи шериклари ялпи ички маҳсулоти ҳажми 43,9 триллион доллардан иборат (харид қобилияти паритети бўйича), бу ўз навбатида жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 34,3 фоизига тўғри келади.

Ушбу салоҳият ўз навбатида иттифоқни иқтисодий-ижтимоий ривожланишига замин яратмоқда. Хусусан, 2019 йил якунларига кўра ЕОИИ ялпи ички маҳсулоти, ташкилот тузилган 2015 йилга нисбатан 21 фоизга ошиб, 1,9 триллион долларни ташкил этди. Мисол учун Арманистон ЯИМ 2015 йилда 10,5 миллиард доллар бўлса, 2019 йилга келиб 13,6 миллиард долларга етди (22% ўсган). Қирғизистонда эса ушбу давр оралиғида ЯИМ 6,6 млрд. доллардан 8,4 миллиард долларга кўпайган (21% га ортган).

Бутун Иттифоқда аҳоли жон бошига ЯИМ 2015-2019 йилларда 16% ўсган (8913 доллардан 10683 долларга), асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 19% ошган, ишсизлик даражаси эса 12% камайган.

Иккинчидан, ЕОИИ мамлакатлари географик жойлашуви ва тарихий алоқалар нуқтаи-назардан Ўзбекистоннинг асосий, табиий савдо шерикларидир. Шундан келиб чиққан ҳолда сўнгги йилларда Ўзбекистон ЕОИИга аъзо-давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтириб бормоқда. Ўз ўрнида Ўзбекистоннинг танлаган иқтисодий ривожланиш йўли халқаро ва минтақавий бирлашмалар, шу жумладан ЕОИИ билан самарали ҳамкорликни кучайтиришни тақозо этади.

Бу, бир томондан, ушбу Иттифоқда ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларимиз тобора кенгайиб бораётган стратегик ҳамкорларимиз бўлган Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларининг аъзо эканлиги, иккинчи томондан – кенгроқ иқтисодий маконда маҳсулотларимиз рақобатбардошлигини оширишга имконият яратилиши билан боғлиқ.

Мисол учун, 2017-2019 йилларда Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо-давлатлар билан умумий товар айирбошлаш ҳажми йилига 26 фоизга ошиб, қарийб 10 миллиард долларга етди. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ташқи савдосидаги улуши деярли 30%, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми эса 75% дан ортиқни  ташкил қилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ташқи савдо юкларининг 80% ЕОИИ давлатлари ҳудуди орқали ўтади.

Учинчидан, энг муҳим омиллардан бири – бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ўзининг тарихий ривожланишининг муҳим босқичини босиб ўтмоқда. Охирги йилларда мамлакатимиз барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш мақсадида иқтисодиётни модернизациялаш, инвестициялар, замонавий технологиялар ва ноу-хауларни жорий қилишга мўлжалланган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, янги истиқболли бозорларга чиқиш бўйича ҳаракатлар олиб борилмоқда. Ўз навбатида, юқоридаги вазифаларнинг ЕОИИ доирасида устувор йўналишлар сифатида белгиланганлиги ушбу ташкилот билан фаол ҳамкорлик қилишни тақозо этади.

Хусусан ЕОИИда 2025 йилга қадар Ўзбекистон учун долзарб бўлган қўйидаги йўналишлар бўйича умумий, уйғунлашган бозор ва макон ташкил қилиш, шунингдек, иқтисодий интеграцияни жадаллаштириш  режалаштирилган.

Биринчидан, иттифоқ ҳудудида энергоресурсларнинг, жумладан газ, нефть ва нефть маҳсулотларининг умумий бозорини шакллантириш кўзда тутилган. Бунда ЕОИИ аъзо давлатларнинг энергетика компаниялари газ, нефт ва электроэнергияни чекловларсиз, биржа аукционларида шаклланган бозор нархлари бўйича етказиб бериш кўзда тутилган. Мутахассисларнинг фикрича, энергоресурсларнинг умумий бозори ташкил қилиниши ЕОИИ давлатлари иқтисодиётининг барқарор ривожланишига, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга, шунингдек, энергетик хавфсизликни мустаҳкамлашга ва жаҳон бозорида Иттифоқ ҳудудида ишлаб чиқарилган товарларнинг рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради.

Иккинчидан, ЕОИИ ҳудудида ягона транспорт маконини шакллантириш. Уйғунлашган транспорт сиёсати доирасида қуйидаги мақсадлар кўзланган: 1) умумий транспорт-логистика хизмати бозорини шакллантириш; 2) Евроосиё ҳудудидаги транспорт коридорларни салоҳиятини ошириш ва янги коридорлар ташкил қилиш; 3)  транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича умумий таклифларни ишлаб чиқиш ва замонавий логистика марказларини яратиш. Транспорт-логистика соҳасини ривожлантирилиши экспертларнинг таъкидлашича, ЕИИО ҳудудида товар, хизмат, капитал ҳамда фуқароларни ҳеч қандай тўсиқларсиз айланишига салмоқли ҳисса қўшади.

Шу ўринда айтиш лозимки, ижтимоий-иқтисодий ўсишни барқарор суръатларини таъминлаш, камбағалликни қисқартиш ҳамда иқлим ўзгаришларига мослашишга учун транспорт ва энергетика соҳасини ривожлантириш муҳим рол ўйнайди. Хусусан, Осиё тараққиёт банкининг маълумотларига кўра, Осиё минтақасидаги ривожланаётган давлатлар ушбу мақсадларга эришиши учун 2030 йилга қадар 14,7 триллион долларни электроэнергия соҳасига, 8,4 триллион доллар транспорт-логистикани ривожлантиришга йўналтиришлари лозим. Ўз навбатида, ЕОИИ умумий энергетика бозори ҳамда ягона транспорт маконига Ўзбекистонни интеграциялашуви нафақат ушбу соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган мавжуд муаммоларни ечишга, шу билан бирга, энергоресурслардан кенг фойдаланиш имкониятини, ҳамда инвестициялар ва технологияларни жалб қилишга имкон яратади.

Жумладан, Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлашда янги транспорт маршрутларини яратиш ва транспорт-логистика соҳасини модернизациялаш орқали маҳсулотларни йирик ташқи бозорларга олиб чиқиш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон географик нуқтаи назардан денгиз портлардан узоқда жойлашганлиги сабабли маҳсулотларни экспорт қилишда транспорт-логистика харажатлари 10-15 фоизни ташкил қилади, юк ташувчиларнинг йўлдаги 40 фоиз вақти эса божхонадаги тўсиқларда кетади. Ҳисоб-китобларга кўра, Евросиё минтақасида юклар транзитида уйғунлашган тарифларни қўллаш  натижасида ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчиларни харажатлари 221 миллион долларга қисқаради, ва бу, ўз навбатида, экспорт ва импорт маҳсулот таннархи камайишига олиб келади.

Учинчидан, иттифоқ ҳудудида умумий молия бозорини ташкил қилиш. ЕОИИда самарали молиявий бозорни шакллантириш мақсадида аъзо давлатлар 2025 йилга келиб: а) миллий қонунчиликни ва уни қўллаш амалиётини уйғунлаштириш; б) қимматли қоғозлар бозорини тартибга солишни такомиллаштириш; в) иқтисодиётнинг реал секторидаги корхоналарни кредитлаш ҳажмини ошириш; г) иқтисодиётда давлатнинг ролини камайтириш каби вазифаларни бажариш кўзда тутилган. Бу, ўз навбатида, иқтисодий интеграция жараёнларини янада чуқурлаштириб, барқарор ривожланиш учун қулай шарт-шароит яратади.

Тўртинчидан, қишлоқ хўжалиги соҳасида уйғунлашган сиёсат юритилишини таъминлаш. Бугунги кунда ЕОИИ аъзо давлатлари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги турлича иқтисодий механизмларни (кредитлаш ва субсидиялар тақдим қилиш, нархларни тартибга солиш, суғурта, солиққа тортиш) амалга оширмоқда. ЕОИИ маконида аграр соҳасидаги маъмурий тўсиқларни олиб ташлаш, мавжуд иқтисодий механизмларни уйғунлаштириш, божхона регуляциясини соддалаштириш, ветеринария ва фитосанитария назоратининг ягона қоидаларига амал қилиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ўзаро савдо ҳажмини ошириш ҳамда бошқа давлатларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотини экспортини ошириш мақсад қилинган.  

Шу билан бирга, Иттифоқда биотехнология, органик маҳсулотлар ва юқори қўшилган қийматга эга бўлган тайёр қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқиш, шунингдек, глобал иқлим ўзгаришига мослашиш ва генетик жиҳатдан модификацияланган маҳсулотларни яратиш соҳасидаги изланишлар олиб бориш истиқболли йўналишлар сифатида белгиланган.

Бешинчидан, ҳудудлараро саноат кооперациясини ривожлантириш ва ягона инновацион макон яратиш. ЕОИИда эндиликда саноат кооперациясида нафақат иккитомонлама ҳамкорлик, балки кўптомонлама минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий ҳаракатлар бошланган. Бундан асосий мақсад ҳар бир аъзо-давлатни салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда, саноат кооперацияси жараёнини янада тезлаштириш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни рақобатбардошлигини ошириш, ўзаро янги инновацион технологиялар ва изланмалар бўйича алмашинувларни тизимли йўлга қўйиш, шунингдек, кўптомонлама инвестицион лойиҳаларни амалга оширишдир. Ҳозирги кунда ЕОИИ доирасида саноат кооперациясини янада ривожлантириш мақсадида “ЕОИИ саноат кооперацияси ва технологиялар трансфери тармоғи”нинг махсус рақамли платформаси яратилган. Ушбу платформа ЕОИИ аъзо давлатлар ҳудудида жойлашган корхоналар ва маҳсулот етказиб берувчилар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, мавжуд инновацион ишланмалар ва технологиялар ёрдамида технологик ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш ҳамда ягона рақамли экосистема ёрдамида маҳсулотларни экспорт қилишга хизмат қилмоқда.

Ўз ўрнида айтиб ўтиш лозимки, янги инновацион ва технологик кашфиётларни яратиш узоқ муддатли илмий изланишлар ҳамда катта маблағларни талаб қилиши сабабли, иттифоқдош давлатлар мавжуд изланмалардан ҳамкорликда фойдаланишдан манфаатдордир. Хусусан, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси маълумотларига кўра, давлатлараро саноат кооперацияси натижасида янги маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни 14-20 ой муддатга қисқаради, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш харажатлари эса 50-70% камаяди. Таъкидлаб ўтиш лозимки, Евроосиё иқтисодий комиссияси томонидан, 2022 йилга қадар ЕОИИ давлатлари ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилаётган умумий қиймати 777 млрд. долларлик 622 йирик инвестицион лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Юқорида қайд этиб ўтилган омиллардан кўриниб турибдики, миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасида иқтисодий алоқаларни кенгайтириш учун ўзаро истиқболли йўналишлар мавжуд.

Шу ўринда ЕОИИ билан ҳамкорлик Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолиятининг мантиқий давоми эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бугунги кунда мамлакатимиз ижтимой-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишлари аниқ белгиланган, прагматизм ва миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда, яқин ва узоқ хориждаги барча мамлакатлар ҳамда ташкилотлар билан шериклик алоқаларини мустаҳкамламоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига кириши бўйича ҳаракатларни жадаллаштирди, ўзаро савдо учун янада қулай шароитлар яратиш ва ташқи савдо режимини мақбуллаштириш мақсадида Европа Иттифоқи билан билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокаралар, шунингдек, Преференцияларининг бош тизимига (“ПБТ+”) қўшилиши доирасида якуний ишлар олиб борилаяпти.

Ўз ўрнида, бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлиги, кўп жиҳатдан, жаҳон хўжалиги тизимига интеграциялашишга, айниқса, ҳудудий жиҳатдан яқин мамлакатлар билан савдо-иқтисодий муносабатларнинг ривожланишига боғлиқдир.

Таъкидлаш лозимки, ушбу омил айниқса пандемия даврида жуда долзарб масалага айланди. Пандемия жуда кўплаб давлатлар иқтисодиётининг барча соҳаларига салбий таъсир кўрсатди. Хусусан, таъминот занжирлари узилиб қолди, меҳнат бозори зарар кўрди, қатор корхоналар ўз фаолиятини тўхтатди, транспорт ташувлари камайди.

Пандемия сабоқлари умумий саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга ундайди. Ушбу вазиятда халқаро экспертлар минтақавий жараёнлар кучайиши ва минтақавий тузилмалар аҳамияти ошишини тахмин қилмоқда. Бундай инқирозли вазиятларда устунлик глобал савдо муносабатлари занжири узилиши муаммосини самаралироқ ҳал қиладиган, миллий иқтисодиётлар учун “елкадош” вазифасини ўтаб берувчи ихчам минтақавий бозорларга берилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, эндиликда кузатувчи давлат мақомини олган Ўзбекистонга ЕОИИнинг аъзолари ва ҳамкор давлатлари билан мулоқотни мустаҳкамлаш, ташкилотнинг дастурий ва шартномавий органлари ҳужжатларини амалда татбиқ этилишини янада чуқурроқ ўрганиш, аъзо давлатларнинг ўзаро ҳамкорлик механизмлари, қарор қабул қилиш жараёни, мавжуд меъёрий-ҳуқуқий база ва уни қўллаш амалиёти каби муҳим жараёнлар билан танишиш имкониятини яратилди.

Бундан ташқари, ташкилот ичидаги жараёнларга қўшилган ҳолда бизда улардан доимий равишда хабардор бўлиб туриш ҳамда миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ЕОИИ иқтисодий сиёсатини шакллантиришда билвосита қатнашиш имконияти юзага келди.

Шу билан бирга, ушбу интеграцион тузилмада кузатувчи бўлиш иқтисодий соҳадаги мавжуд қонунчилигимизни ЕОИИ талаб ва қоидаларига мувофиқлаштириш имконини беради.

ЕОИИда кузатувчи мақомининг яна бир афзаллиги унда иттифоқ талабларига риоя қилиш мажбуриятининг юкланмаслиги, айни вақтда Иттифоқ билан ҳамкорлик истиқболлари маҳаллий бизнес вакилларига янада рақобатбардош бўлиш учун ўз фаолиятларини такомиллаштириш масаласини долзарблаштиради. Бундан истеъмолчилар ва, умуман, модернизациянинг янги босқичига чиқиши орқали иқтисодиёт ютади.

Таъкидлаш жоиз, ЕОИИдаги кузатувчилик мақоми бизнинг бошқа иқтисодий уюшмалар билан ҳамкорлик қилиш бўйича ташаббус билдириш ҳуқуқларимизни чекламайди ва бошқа давлатлар билан иқтисодий муносабатларимизга таъсир қилмайди. Аксинча, минтақавий иқтисодий интеграцион тузилмаларда иштирок этиб, биз иқтисодий салоҳиятимизни ва саноат тармоқлар тажрибасини самарали ҳамкорлик қилиш бўйича оширамиз.

Мавзуга оид

СМТИ: Ўзбекистон Афғонистон учун кенг қа...

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаг...

Пандемияга қарши курашда Ўзбекистон тажр...

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, жумладан, коронавирус пандемия...

Ўзбекистоннинг янги кўп томонлама диплом...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакат...

Сўнгги янгиликлар